Халқ демократик партияси сайловда қандай иштирок этади?

Партия Марказий Кенгаши томонидан ўз дастурий мақсадлари ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиқиб, аҳолини ижтимоий ва иқтисодий соҳадаги муаммолари ва уларнинг ечимлари мавзусида онлайн ўқув-семинар ташкил қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Марказий Кенгаши масъуллари, вилоят ва туман (шаҳар) кенгашлари раислари, маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, партия фаоллари, ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган семинарда дастлаб “Номзодларни ўз ҳудудидан келиб чиқиб, сайловолди дастурларини ишлаб чиқиш” масаласи муҳокама қилинди.

Мавзу юзасидан партия Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Боймурат Юсупов сўз юритиб, мустақиллик йилларида сайлов қонунчилиги босқичма-босқич ривожланганини, тизим ҳар бир босқичда Конституция ва халқаро андозаларга мос равишда ислоҳотлар мақсади ва фуқаролар сиёсий-ҳуқуқий онгининг ўсиб боришига мутаносиб тарзда янги поғонага кўтарилганини таъкидлади.

Шундан сўнг шаҳар ва туманлар сайловолди дастурининг асосий устувор йўналишлари кўриб чиқилди. Бу борада шаҳар ва туман кенгашлари раислари халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлигига кўрсатилиши режалаштирилган номзодларнинг сайловолди дастурини шакллантириш бўйича тақдимот қилди.

Ҳудуднинг географик жойлашуви, ижтимоий-иқтисодий ривожланишидан келиб чиқиб, аҳолини қийнаётган 10-15 та муҳим масалалар олиб чиқилаётгани, уларнинг ечими юзасидан аниқ, асосли таклифлар берилиши зарурлиги билдирилди.

Семинар иштирокчиларига депутатликка номзодларнинг сайловолди дастурини шакллантиришда ҳудуддаги аҳолини қийнаётган муаммоли масалалар ва уларнинг ечимлари юзасидан аниқ тавсиялар берилди.

Хусусан, нафақат одамларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш, балки уларнинг бугун ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, давлатимиз ва жамиятимизни ҳар томонлама ривожлантиришга доир таклиф ва уларнинг ечими юзасидан тавсияларини жамлаш зарурлиги қайд қилинди.

Партиянинг доимий эътиборида бўлиб келаётган долзарб ижтимоий масала - ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш чораларини кўриш таъкидланди.

Иштирокчилар, шунингдек, сайловларда кўрсатиладиганган номзодларни жамоатчилик ишончини қозониши учун партия ташкилотларининг олдида турган долзарб вазифалар хусусида тегишли тавсиялар олди.

Қизғин савол-жавоб, таклиф ва мулоҳазаларга бой семинар якунида галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Бадриддин Насриев, партия вилоят Кенгаши раиси.