Халқаро археолог олимлар Самарқандга келди

Улар “Марказий Осиё халқларининг тарихий-маданий мероси объектларини сақлаш ва ўрганиш бўйича фанлараро тадқиқотлар: ютуқлари ва истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияда қатнашди.
Маданий мерос агентлиги, Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ташаббуси билан ўтказилган конференцияда ўзбекистонлик мутахассислар билан бирга Франция, Япония, Россия давлатларидан археологлар иштирок этди. Қолаверса, анжуманда Германия, Озарбайжон, Қозоғистон ва бошқа 10 га яқин мамлакатдан таъмиршунос олимлар онлайн шаклда ўз маърузалари билан қатнашди. Иштирокчилар археологик қазилмаларни реставрация қилиш усуллари, металл топилмаларнинг физик кимёвий таҳлили, қадимий ашёларнинг замонавийлик билан уйғунлиги ҳамда соҳада янги лойиҳалар яратиш масалалари бўйича фикр-мулоҳазалари ва тажрибалари билан ўртоқлашди.
- Ўзбекистонда топилаётган қазилма бойликлар дунё археолог олимларини ҳайратга солмоқда, - дейди Япониянинг Нагоя университети профессори Этсуко Кагеяма. - Сурхондарёдаги Фаёзтепада ўтказилган қазишма ишларида иштирок этиб, бу кўҳна замин қаърида ноёб осори-атиқалар борлигига гувоҳ бўлдим.
Тадбир доирасида соҳада кўп йиллар фаолият юритган олимларнинг юбилейлари ҳам ташкил этилди. Шунингдек, “Зарафшон” газетаси кутубхонаси” туркумидан чоп этилган, вилоят ҳудудида қазишма ишларини олиб борган олимлар ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги “Самарқанд археологлари” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Маросимда “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев сўзга чиқиб, китобнинг келажак авлод учун муҳим аҳамиятга эга эканлигига тўхталди. Китобни рус ва инглиз тилларига таржима қилиш таклифи билдирилди.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов (сурат).