Халқимизга ислом моҳиятини тўғри тушунтириш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш бугун ҳар қачонгидан долзарб

Бугунги кунда муқаддас динимизга бўлган эътибор янги босқичга кўтарилди. Йилдан-йилга муборак Ҳаж ва Умра сафарларига бораётганлар сафи ортиб, улар учун яратилаётган шароитлар кенгаймоқда. Президентимиз бугунги кунда дин хизматчилари, ибодатга бел боғлаган юртдошларимизни атрофдагиларга ўрнак бўлиш, ҳаётда қоқилган ёки адашганларни тўғри йўлга бошлашга даъват этмоқда. 

Диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилиш билан бирга неча асрлардан бери Ислом динига эътиқод қилиб келаётган халқимизнинг диний маърифатини янада юксалтиришда катта аҳамият касб этяпти.

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаровни қабул қилар экан, мулоқотда диний-маърифий йўналишларда, буюк аждодлар илмий меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинган.

Суҳбат жараёнида бугунги таҳликали дунёда халқимиз, айниқса, ёшларга ислом моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди. Шу боис юртимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, диний таълим сифатини янада ошириш, ушбу йўналишдаги илғор халқаро тажрибани ўрганиб, юртимиздаги диний таълим муассасалари фаолиятига татбиқ этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Рамазон ойи давомида барча имом-хатиблар иштирокида маҳаллалардаги 1 миллиондан зиёд кам таъминланган аҳолининг уйида ифторликлар уюштирилди. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳисобидан ёрдамга муҳтож фуқароларга 2 миллиард 446 миллион сўмлик хайр-у эҳсонлар қилинди.

“Бу йилги Рамазон ойидаги яна бир муҳим янгилик 1 400 нафар кам таъминланган фуқаронинг давлат томонидан Умра зиёратига юборилиши бўлди. Улар муқаддас манзилларда туриб, халқимизга тинчлик, файзу барака тилаб, хайрли дуолар қилдилар.

Шу билан бирга Президент жамиятда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг виждон эркинлигини кафолатлаш бўйича ўз фикрларини билдиргани расмий ахборотларда қайд этилмоқда.

Ушбу учрашув ва унда муҳокама қилинган масалалар давлатимиз томонидан динимизга қаратилаётган эътиборнинг яна бир намунаси, десак муболаға бўлмайди. Диний соҳада хизмат қилаётган уламолар, имом-хатиблар, мударрислар ва талабаларга ҳамда барча ислом динига эътиқод қилувчи фуқароларимиз бу каби эътибордан мамнун бўлмоқдалар. Шу билан бирга бу учрашув диний соҳа ходимлари ўз вазифаларига янада сидқидилдан ёндашишлари, халқимизнинг ҳидоятдан оғишмасликлари учун ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросларни тарғиб этишларига ундовчи тарихий учрашув бўлганлигини таъкидлаш лозим.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби.