Ўзбекистон мусулмонлари идораси Шарқий Қуддусдаги вазият юзасидан муносабат билдирди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Шарқий Қуддусдаги мўмин-мусулмонлар учун энг табаррук минтақада нотинчликлар давом этаётганидан жиддий ташвишда эканини билдирди.
Идора Қуддус шаҳрида Ал-Ақсо масжиди Ислом дини манбаларида келтирилган уч муқаддас масжиддан бири экани ва у мўмин-мусулмонлар учун доимо азизу мукаррам эканини эслатган.
Таъкидланишича, ўз навбатида ушбу минтақада бошқа дин вакиллари учун ҳам табаррук ҳисобланган зиёратгоҳлар мавжуд. Шундай экан минтақада зўравонлик, жабру ситамга чек қўйилиши ҳамда бундан буён шафқатсизлик ва қон тўкилишига йўл қўймаслик жуда ҳам муҳим ҳисобланади.
“Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳозирги қалтис вазиятда давлатлар, миллатлар ва элатлар ўртасидаги низоларни тинч йўл билан ҳал этиш энг тўғри йўл, деб ҳисоблайди. Айни вақтда мўмин-мусулмонларни мавжуд воқеликни Қуддусдаги вазият билан боғлаган ҳолда ноўрин баҳс-мунозаралар, ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқаришга, нотўғри хатти-ҳаракатларга даъват қилаётган фитналардан эҳтиёт бўлишга чақирамиз”, дейилган идора баёнотида.