Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Қўшработдаги “Домла Камолиддин Охунд” жоме масжидига келди
Қўшработ тумани Шова қишлоғидаги “Домла Камолиддин Охунд” жоме масжиди улуғ қадамжолардан биридир. Мустақиллик йилларида ушбу табаррук манзилни обод этишга киришилди, домла Камолиддиннинг уй-жойлари асл ҳолига келтирилди, масжиди, боғ-роғлари замонавий тарзда қайта қурилди, ободонлаштирилди ва 2002 йилда бу жой уй-музейига айлантирилди.
Кейинги йилларда масжид ва у зотнинг мақбараси янада ободонлаштирилди. 2020 йилда вилоят ҳокимлиги ҳамда диний идоралар ташаббуси билан бу ерда янги масжид биноси қад ростлади. Домла Камолиддин Охунднинг мақбараси янги қиёфага келтирилди.
Яқинда масжидда олиб борилган ишлар билан танишиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимов, Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Д.Мамадқулов ва қатор диний идора вакиллари ушбу қишлоқда бўлди.
Дастлаб Усмонхон Алимов аллома мақбараси ва уй-музейида олиб борилган қурилиш, ободонлаштириш ишлари, янги бино қилинган масжид ва таҳоратхонани кўздан кечирди. Шу ерда аҳоли билан суҳбатлашиб, юртимизда олиб борилаётган ижтимоий, маърифий ислоҳотлар, динимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган ишлар, улуғ алломаларимизнинг илмий меросларини ўрганиш бўйича йўлга қўйилган тадбирлар ҳақида сўз юритди.
- Масжидлар динни ўрганиш, Қуръонни ёдлаш, Пайғамбаримиз ҳадисларини ўқиш учун илм ва зикр мажлислари ташкил этиладиган бўстондир, - деди Усмонхон Алимов. – Шу жиҳатдан “Домла Камолиддин Охунд” масжиди одамлар бир-бирларидан тарбия, ахлоқ, одоб ўрганадиган жой. Бу фикримизни домла Камолиддиннинг одамларга илм, зиё тарқатган инсон бўлганидан ҳам англаш мумкин. 1868 йилда мана шу қишлоқда дунёга келган бу муҳтарам зот ёшлигидан зеҳнининг жуда ўткирлиги, зукколиги билан кўпчиликнинг назарига тушган. Ўткир қобилияти ва иқтидори туфайли унинг номи элга, ҳатто араб мамлакатларига ҳам таралган. Домла Камолиддин Охунднинг авлиёлик сифатлари ёрқин намоён бўлиб, Нақшбандия тариқати бўйича ўттиз икки авлиё сифатида мусулмон оламида тилга олинган.
Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Самарқанд вилояти вакиллиги ахборот хизмати.