Хат ва хаттотлик: Қўлёзмалар фондида 100 минглаб тошбосма ва қўлёзма асарлар бор. Бу бизни ҳам хурсанд қилади, ҳам ташвишга солади...
Хат ва хаттотлик санъати Шарқда, асосан мусулмон миллатлари орасида алоҳида эътибор ва мавқега эга. Бу соҳа қадимдан алоҳида фан ва санъат даражасига чиқиб, турли мамлакатларда бир қатор хаттотлик мактабларининг ташкил бўлишига сабаб бўлиб, бугунги кунга қадар давом этиб келмоқда.
Дарҳақиқат, араб ёзувининг сир-синоатига, хаттотларнинг маҳоратига назар солсангиз ҳайратга тушасиз. Бу ёзув дунёдаги бошқа халқлар ёзувидан шакли, жозибаси ва бошқа имкониятлари билан кескин фарқ қилади. Шунинг учун ҳам дунё олимлари фикрига кўра бирор ёзув тури араб ёзувидек санъат даражасига, ўзига хос нақшинкор ва мафтункор шаклларга эга эмас. Бунинг албатта маълум сабаблари бор.
Биринчидан, араб хати Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг хатидир. Шунинг учун ҳам бу хатни ислом миллатлари табаррук деб биладилар ва унга ҳурмат билан қарайдилар. Иккинчидан, ўзига хос ҳикмат ва санъат булоғи бўлган Шарқда жуда кўп алломалар етишиб чиққан. Шулар қатори машҳур хаттотлар ҳам етишиб, аввало Қуръони каримни ва бошқа диний-адабий манбаларни кейинги авлодларга етказиб беришни шараф деб билганлар. Учинчидан, арабий ёзувнинг табиати ўнлаб бошқа хат турларини яратишга имкон берган. Араб ёзувининг энг қадимий намунаси бўлган маъқалий ва кўфий хатлари асосида кейинчалик, сулс, райҳоний, риқоъ, девоний, таълиқ, насх ва настаълиқ каби хат турлари пайдо бўлган ва улар асосида яна юзлаб хат намуналари юзага келган.
Айни пайтда ҳар бир хат тури ўзининг яратилиш тарихига ва ёзилиш қоидаларига эга бўлган. Мутахассис олимлар буни яхши билишади.
Араб хаттотлик мактаблари билан бир қаторда ажам халқлари хаттотлик мактаблари ҳам тараққий этиб келди. Шу соҳанинг умидли тадқиқотчиларидан бири Олимхон Асроров бир мақоласида ёзадики, XIV–XV асрларда илм-фан, маданият ва санъатнинг барча соҳаларида бўлгани каби хаттотлик санъатида ҳам мисли кўрилмаган юксалиш кузатилган. Марказий Осиёда Темурийлар, Шайбонийлар ва сўнгги сулолалар (аштархонийлар, манғитлар) даврида ҳам бу санъат тури юксак даражада тараққий этган. Шу даврлардан бошлаб Ўрта Осиёнинг турли минтақаларида бир неча хаттотлик мактаблари пайдо бўлган. Подшоҳлар, султонлар саройида махсус хаттотлар фаолият юритган. Биргина Навоийнинг ҳузурида ўндан ортиқ хаттотлар қўлёзмаларни кўчириш билан банд бўлган.
«Хаттотлар султони» Султонали Машҳадий (1437–1520), “настаълиқ” хатини ихтиро қилиб, уни санъат даражасига кўтарган Мир Али Табризий (1330-1405), Дарвеш Муҳаммад Тақий Ҳиравий (XV асрнинг биринчи ярми), Абдулжамил Котиб (вафоти 1505/1506 йил), каби вакилларининг кўчирган қўлёзмалари дунёдаги шоҳ асарлардан саналади. Ва айнан шу котибларнинг меҳнати туфайли биз Алишер Навоий ижоди билан яқиндан таниш бўлганмиз. Чунки темурийзода султонлари ва шаҳзодаларнинг ўзлари бу соҳанинг ривожланишига доимо хайрихоҳлик қилиб турганлар. Бойсунғур Мирзо каби подшоҳлар эса моҳир хаттот бўлиш билан бирга саройидаги хаттоларга доимо ҳомийлик қилиб, йўл-йўриқ кўрсатиб турган. Кейинроқ Бобурмирзонинг “Хатти Бобурий”ни ихтиро қилгани бу соҳага бўлган қизиқишининг юксак эканидан дарак беради.
Тарихга назар ташласак, XVI асрда Шайбонийлар сулоласи ҳам хаттотликка катта эътибор қаратганлиги, ҳукмдорлардан Муҳаммад Шайбонийхон ва Убайдуллахонларнинг ўзлари ҳам хаттотлик билан шахсан шуғулланишгани, айниқса, Убайдуллохоннинг етти қироатни билиши ва етти хил хатда маҳорат билан ёзиши ишончли тазкираларда қайд этилган. Улар қайсидир маънода Бухоро хаттотлик мактабига асос солишган. Бу мактабдан кейинчалик Мир Убайд Бухорий (ваф. 1601 й.), Мир Ҳусайн Кўланкий Бухорий (XVI аср), Саййид Абдуллоҳ Бухорий (вафоти 1647), Ҳожи Ёдгор (вафоти 1663), Аҳмад Дониш (1826–1897) каби етук хаттотлар етишиб чиққан. XVIII аср бошларида Хива ва Қўқон хонликлари ҳудудида Хоразм ва Фарғона хаттотлик мактаблари, XIX асрда эса Самарқанд ва Тошкент хаттотлик мактаблари шаклланган.
Хоразм хаттотлик мактаби ўзининг Мунис Хоразмий (1778–1829), Комил Хоразмий (1825–1899) каби намояндалари билан танилган бўлса, Фарғона хаттотлик мактаби Мирзо Шариф Дабир (XIX аср), Муқимий (1850–1903), Самарқанд хаттотлик мактаби Очилдимурод Мирий Каттақўрғоний (1830–1899), Абдулжаббор Ургутий Самарқандий (1885–1910), Тошкент хаттотлик мактаби эса Муҳаммад Юнус Котиб (XIX аср) ва Муҳаммад Шоҳмурод Котиб (1850–1922) каби вакиллари билан машҳур бўлди.
Тарихчи ва хатшунос олим Абдулқодир Муродов “Ўрта Осиёда хаттотлик санъати тарихидан” китобида юртимиздаги хаттотлик мактаблари уларнинг ривожланиш босқичлари ҳақида батафсил маълумот берган. Хат ва хаттотлик тарихи билан шуғулланадиган ҳар бир одам шу китобни албатта кўздан кечириши керак, деб ўйлайман.
Бизнинг ота-боболаримиз хаттотлик санъатини чуқур ҳис қилган, котибларнинг меҳнатларини қадрлаган ҳолда ҳар бир қўлёзма асарни кўзига суртиб, асраб-авайлаб келишган. Минг йиллардан бери нодир қўлёзмалар бизгача етиб келган бўлса, аввало, хаттотларнинг меҳнати, сўнгра иймон-эътиқодли, илму ирфонга эга бўлган ота-боболаримизнинг саъй-ҳаракатлари билан сақланиб келган. Бугунги кунда биргина Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида 100 минглаб тошбосма ва қўлёзма асарлар борлиги бизни ҳам хурсанд қилади, ҳам ташвишга солади. Хурсанд қилганининг сабаби аниқ. Ташвишга солиши эса у беназир асарларни ўқийдиган ёшларнинг етишмаслиги, халқимиз бундай бебаҳо асарлардан бебаҳра қолаётганлигидир. Сабаби, ҳозирча қилинаётган ишларнинг салмоғи ва самараси қониқарли эмас.
Яна бир гап. Араб ёзувини яхши ўқимасдан, шу ёзув асосидаги абжад ҳисобини билмасдан мумтоз шоирларимиз шеърларидаги муаммоларни, чистонларни ечолмаймиз. Шунингдек, абжад ҳисобига асосланган тарихий байтларнинг аниқ санасини чиқаролмаймиз. Демак, мумтоз адабиётимизни яхши билиш учун бу ёзувнинг барча имкониятларини ўзлаштиришимиз лозим. Акс ҳолда билимимиз чала бўлиб қолаверади.
Маълумки, хаттотлик араб ва ажам диёрларида босмахоналар пайдо бўлгунча фаол давом этиб келганидек, кейин ҳам давом этди. Ҳар қанча китоб чоп қилиш техникаси ривожланмасин хаттотликнинг сеҳри, жозибаси инсонларни ўзига тортиб келган ва бугун ҳам амалда давом этиб келмоқда. Дунёда хаттотлар мусобақаларининг жорий этилиши, бу борада фикрлар алмашиниши, хаттотлар асарларини нашр қилиниши фикримизга ёрқин далилдир.
Қолаверса, Пайғамбаримиз солаллоҳу васалламнинг хат ва хаттотлар ҳақидаги: “Хат илмнинг ярмидир”, “ Хат фақир, камбағаллар учун молдир, бойлар учун жамолдир ва акобирлар учун камолдир”, каби ҳадиси шарифлари инсониятни бир умр хаттотликка ундаб келган ва бундан кейин ҳам тарғиб этишда давом этаверади.
Маълумки, Ўрта асрларда китоб чоп этиш ускуналари ихтиро қилинмаган, бир пайтда, барча асарлар қўлда кўчирилган ва тарқатилган. Шу боис котибларнинг иши жуда машаққатли ва масъулиятли бўлган. Котиблик ёки хаттотлик деган иш, айримлар ўйлагандек оддий бир иш ёки ҳунар эмас. Нодир қўлёзма асарларни кўчирган хаттотлар жуда саводхон ва покиза инсонлар бўлишган. Шунингдек, ўтмиш мутафаккирларимиз, шоирларимиз ҳам хаттотликни фазилат билиб, алоҳида ўрганишган.
Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида Мавлоно Риёзийнинг самарқандлик “мутакаббир ва муъжиб киши”лигини, унинг яхши ғазал ёзишлигини айтар экан яна шундай таърифлайди: “Жомеъ ул-фазойил ва муқавви юд-далойил киши эрди ва етти қалам билан хатни хуб битар эрди ва ҳам мулло ва ҳам ҳофизки, Қуръони мажидни етти қироат билан билур ва ўқур эрди ва ҳам котиб ва ҳам шоир ва ҳам маолий эрди”. Ёки «Ихлосия» хонақоҳининг шайхи ва «Қудсия» масжиди жомеининг хатиб ва имоми ва яхши меҳробхон ҳофизи бўлган Ҳофиз Жалолиддин Маҳмуд ҳақида ҳам: “Шеър ва муаммо айтур ва хатни яхши битур. Мунча салоҳиятни бот касб қилди”, деб таърифлайди.
Кўриб ўтганимиздек, ҳазрат Навоий ҳар иккала шахсдаги хаттотлик маҳоратини, хатни чиройли ёзиш хислатини алоҳида фазилат қилиб кўрсатмоқда. Ўз тарихимиздан биргина мисол келтирадиган бўлсак, Хоразмлик машҳур шоир Шермуҳаммад Мунис ( 1778-1829) ва Қўқонлик таниқли шоир Муқимийлар (1850-1903) жуда моҳир хаттот бўлишган. Муниснинг ҳатто настаълиқ хати қоидалари хусусида “Саводи таълим” деган алоҳида рисоласи ҳам бор.
Замонамизнинг ҳам олим, ҳам хаттотларидан бўлган Ғафуржон Раззоқов домланинг таъкидлаганидек, хаттотлик санъатидан меъморчилик ва халқ амалий санъатида ҳам кенг фойдаланилган. Юртимизда азалдан меъморий иншоотлар – масжидлар, мадрасалар ва мақбараларнинг ташқи ва ички деворлари, пештоқлари турли нақшлар билан биргаликда хаттотлик услубларида ёзилган битиклар – Қуръони карим оятлари, ҳадислар, ҳикматли сўзлар ва шеърий парчалар билан безатилган.
Дарҳақиқат, халқ амалий санъатига тегишли бўлган сопол идишлар, мис товоқлар, обдасталар, қилич-қалқон каби уруш асбобларида ёзилган нафис ёзувлар маънавий меросимизга дахлдор бўлиб, уларни ҳамма ҳам ўқиёлмайди ва қадрига етолмайди. Биз хаттотлик курсларида шу жиҳатларга ҳам эътибор қаратмоғимиз лозим. Зеро, ота-боболаримиз қурган миноралар, тарихий обидалар қанчалик қадрли бўлса, улар пештоқидаги моҳирона ёзилган битиклар ҳам биз учун шарафли ва юксак санъат асаридир.
Сайфиддин Сайфуллоҳ,
филология фанлари номзоди, доцент. Халқаро Аҳмад Яссавий мукофоти соҳиби.