Хатарли «қаҳрамонликлар»

Одамзотга тушуниб бўлмайди. Баъзилари қавмларини ҳайратга солиш учун жонини хатарга қўйишдан ҳам тоймайди, деб ёзади «АиФ» (2020 йил, 50-сон) ҳафтаномаси.

* Шундайлардан бири хитойлик Жуань Лянминдир. Ҳимоя кийими кийган ассистентлар тарози 63,5 килограмм оғирликни кўрсатган бир нечта саватдаги асаларини Лянминнинг бошидан тўкишди. Бутун гавдасини қоплаб олган ариларнинг танасида ғужғон ўйнашига у парво ҳам қилмади. Негаки, рекорд вазндаги асаларилардан бирортаси ҳам Лянминни чақмади. Агар чаққанда у 3 минг ўлим дозасини олган бўларди.

* Таиландлик Канчану Кэткэоунни эса чаён чақишдан хазар қилади. Довюрак бу аёл 3,4 мингта заҳарли чаён қамалган хонада 33 кунни ўтказди. Яна энг хатарли «томошаси» шуки, чаённи оғзида 3,5 дақиқа ушлаб турди.

* АҚШнинг Техас штатида яшовчи Жеки Боббининг «қаҳрамонлигини» эшитган одамнинг эти даҳшатдан жимирлаб кетади. У 195 та илон солинган ваннада оз эмас, кўп эмас 45 дақиқа бемалол ётди. Илонлар билан томоша кўрсатиш америкаликнинг севган эрмаги. Моҳир морбоз даражасига етган Жеки Америка бўйлаб сафарда юради. Аммо уни бирор марта ҳам илон чақмаган эмиш.

* Рубик кубигини йиғиш бўйича Испания чемпиони Давид Кальво 6 акула бўлган аквариумга тушиб икки кубикни йиғишга муваффақ бўлди. Бунинг учун унга 76 сония етарли бўлди. Ҳар эҳтимолга қарши унинг ёнида тажрибали кузатувчи бор эди, албатта.

* Запорожье (Украина)лик кичик ҳайвонот боғи эгаси Александр Пилишенконинг иккита шер билан қафасда 36 сутка яшаганига нима дейсиз. Ҳар ҳолда гувоҳларнинг «қойил, балли» демагани, аммо «худо сақласин» деб чўқиниб қўйишгани аниқ.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.