Хитойда ичида мактаб ўқувчилари бўлган автобус сувга қулаб тушди. Қурбонлар бор

7 июль куни маҳаллий вақт билан соат 11:45 (8:45 – Тошкент вақти)да Хитойнинг жанубий-ғарб ҳудудида жойлашган Гуйчжоу провинциясида ичида мактаб ўқувчилари бўлган автобус ҳозирча номаълум сабабларга кўра, мувозанатни йўқотган ва сув омборига қулаб тушган. Ҳалокат оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлди ва 15 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Хитой марказий телевиденияси хабар қилди.
Ҳалок бўлганлар орасида бир нафар мактаб ўқувчиси ҳам бор. Бироқ ҳалокат содир бўлган вақтда автобус ичида неча киши бўлгани ҳозирча аниқ эмас. Қутқарувчилар автобусни сув остидан чиқариб олишди.
Сув омборида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.