Хитойда коронавирусни ёритган журналист ва интернет фаоллари ғойиб бўлмоқда

Пекинда коронавирус ҳақида тақиқланган маълумотларни сақлаган интернет фаоллари (блогерлар), уларни маҳаллий полиция ҳибсга олганидан сўнг ғойиб бўлди. Бу ҳақда Daily Mail нашри маълум қилди.

Чэн Мэй, Цай Вэй ва уларнинг ўртоғи Танг фамилияли қиз полиция сўроқларига жавоб берганидан сўнг ғойиб бўлди. Вэй ва Танг тартибсизликлар уюштиришда айбланди. Хитой ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг сўзларига кўра, айни вақтда улар ҳибсда сақланмоқда. Аммо Вэй ва Тангнинг олдига ҳеч ким киритилмаяпти.

Чэннинг акаси Кун Чэннинг сўзларига кўра, ҳозирги кунгача укаси Чэннинг ҳибсга олинганлиги ҳукумат томонидан расмий тасдиқланмаган. “Чэн ва Цайнинг битта лойиҳа устида ишлаётганликларини ҳисобга оладиган бўлсак, фикримизча, уларнинг ғойиб бўлиши ўша лойиҳа билан боғлиқ”, деди у.

Куннинг сўзларига кўра, лойиҳа сайтида ҳукумат томонидан коронавирус билан боғлиқ бўлган тақиқланган нашр ва видеолавҳалар эълон қилинган. Масалан, Ухан аҳолиси билан ўтказилган суҳбатлар ва коронавирус хуружи ҳақида биринчилардан бўлиб хабар берган Ухан марказий шифохонаси шифокори Ай Фен билан ўтказилган суҳбат.

Daily Mail нашрида ёзилишича, “тартибсизликлар уюштириш” айблови бу Хитой ҳукумати томонидан фаолларга нисбатан қўлланиладиган ва беш йилгача қамоқ жазоси билан жазоланадиган, аниқ белгиланмаган айблов.

Олдинроқ Daily Mail нашри Ухандаги коронавирус хуружини ёритган уч нафар журналистнинг ғойиб бўлгани ҳақида хабар берган эди. Чунки бу уч журналист - Чэн Цюши, Фан Бин ва Ли Цзэхуа эпидемиянинг асл кўламини баён этишга ҳаракат қилган. Улар касаллар ва вафот этганлар билан тўлган касалхоналар ва ўликхоналар тасвирга туширилган видеолавҳаларни You Tube ва Twitter ижтимоий тармоқларига жойлаштирган. Улар 6 февралдан 26 февралгача бўлган вақт оралиғида ғойиб бўлган. Шундан буён уларнинг қаерда эканлиги номаълумлигича қолмоқда.