Хитойдан Ўзбекистонга вирусни аниқлайдиган 200 мингта тест-тизими олиб келинди
Жорий йилнинг 28 март куни республикада коронавируснинг кенг тарқалишини бартараф этиш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг коронавирусга қарши курашиш учун ажратган маблағлари ҳисобига (27,8 миллиард сўм) вирусни аниқлайдиган 200 мингта тест-системаси ҳамда 50 мингта бир марталик бош кийимли ҳимоя комбинезони сотиб олинди ва ҳарбий ҳаво кемасида олиб келинди.
Олиб келинган юкнинг умумий оғирлиги 20 га яқин тоннани ташкил этади.
Ушбу махсус рейсда Хитой Халқ Рспубликаси томонидан берилган 2,5 миллиард сўмлик ҳар хил турдаги тиббий буюмлардан иборат инсонпарварлик ёрдами ҳам келтирилган.
Бундан ташқари, 31 март куни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан 16 миллиард сўмлик, 3 апрелда эса қўшимча 45 миллиард сўмлик тиббий техника ва ҳимоя воситалари коронавирусга қарши курашиш учун ажратилган маблағлар ҳисобига сотиб олинади ва ҳарбий ҳаво кемасида олиб келинади.
Хорижий тажрибани кенг ўрганган ҳолда соғлиқни сақлаш ходимлари учун алоҳида 2 даражали, яъни қизил зонага мўлжалланган махсус комбинезонларни харид қилишга ҳам эътибор қаратилган.