Хона шароитидаги туя арчаси ҳар қандай гулдан кўра фойдалироқ бўлиши мумкин

Ҳатто кўп қаватли уйларда ҳам игнабаргли ўсимликларни парваришлаш оммалашганига гувоҳ бўляпмиз. Чунки улар жуда кўркам бўлиши билан бирга хона ҳавосини тозалашда ҳам фойдаси катта.

Игнабарглилар оиласига тегишли дарахтлардан туя арчасининг фойдали хусусиятлари анча салмоқли. Туя арчаси топиар санъат намунаси, яъни - бутадан турли шакллар яратиш учун энг яхши номзод ҳам. Унда ишланган геометрик шакллар яхши сақланади.

Декоративликдан ташқари, бу кўркам бута инсон саломатлиги учун фойдали хусусиятларга эга. Кўп мамлакатларда туя арчасини нафас йўллари касалликлари шифохоналарида учратиш мумкин. Бунга ўсимликдан ажралиб чиқадиган фитонцидлар сабаб бўлган. Чунки улар ҳавода зарарли организмлар кўпайишининг олдини олади ҳамда ҳовли ва хоналар микрофлорасини замбуруғ ва бактериялардан тозалайди. Ёқимли қарағат ифори эса тинчлантирувчи таъсири билан соғлом уйқу учун айни муддао.
Туя арчаси бир маромда ўсиши ва хона шароитида яхши ривожланиши учун ёзда уни илиқ хона ҳароратида сақлаш зарур. Қишда эса бутани ҳовли ёки айвонга, очиқ ҳавога кўчириш ҳам мумкин.
Ўсимликни баҳорда кўпроқ миқдорда азотли, ёз ойларида эса фосфор ва калийли ўғитлар билан озиқлантириш тавсия этилади.