Хоразмда 22 ёшли қизни сотиб юборишга уринган шахслар қўлга олинди

Давлат хавфсизлик хизмати Хоразм вилояти бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда одам савдоси билан боғлиқ жиноятга чек қўйилди.

Хусусан, Бухоро шаҳрида яшовчи 1983 йилда туғилган Ж.Р. ва Урганч шаҳрида истиқомат қилувчи 1986 йилда туғилган Қ.Д. алдов йўли билан 1999 йил Хоразм вилоятида туғилган С.М.нинг ишончига кириб, уни фоҳишалик билан шуғуллантириш мақсадида «Тошкент-Шаржа», «Шаржа-Маскат» йўналиши бўйича Уммон давлатига олиб чиқиб кетаётган вақтида Тошкент халқаро аэропортида ушланди.

Терговолди суриштирув жараёнларида аниқланишича, Ж.Р. Уммон давлатидан С.М.га виза расмийлаштириб, авиачипта харид қилган.

Таъкидлаш лозимки, Ж.Р. муқаддам БАА ва Уммон Султонлигига қизларни фоҳишалик билан шуғулланиш учун юборганликда айбланиб, Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) билан бир неча маротаба судланган бўлишига қарамасдан, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқармаган.

Ҳозирда Ж.Р. ва Қ.Д.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.