Хориж воқеалари қисқа хабарларда: 40 дан ортиқ давлат Навальний ўлими юзасидан мустақил халқаро тергов ўтказишни талаб қилган. Италия водийсида 6000 дан ортиқ киши қор кўчкилари туфайли ташқи дунёдан ажралиб қолди

🔹 Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос уч кунлик ташриф билан Туркияга борди.

🔹 40 дан ортиқ давлат Россия расмийларидан Алексей Навальний ўлими юзасидан мустақил халқаро тергов ўтказишни талаб қилган. Баёнотни имзолаган давлатлар орасида Европа Иттифоқи давлатлари, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Янги Зеландия ва Украина бор.

🔹 Россия ўз ҳудудига қуруқликдан, ҳаводан ва денгиздан ҳужумларга тайёрланмоқда. Ҳужум қилинган тақдирда, мамлакат тез глобал зарбага дучор бўлади, кейин ҳаво-қуруқлик ёки ҳаво-денгиз операцияси амалга оширилади, дейилади Мудофаа вазирлиги сценарийсида. Шунингдек, Украина дронлари Россиянинг Воронеж шаҳрига яқинлашаётгани, авиация хавфи эълон қилингани ҳақида шаҳар губернатори Александр Гусев маълум қилган.

🔹 Гаитида вазият ёмонлашмоқда - қуролли тўдалар аэропортни эгаллаб олишга ҳаракат қилишган, Порт-о-Пренсда ҳаёт фалаж бўлган. Илгарироқ жиноий гуруҳ минглаб маҳбусларни қамоқхоналардан озод қилишган эди. Кейинроқ бошқа давлат муассасаларига, жумладан, Марказий банк биносига ҳам ҳужум қилинган.

🔹 Италия: Грессони водийсининг юқори қисмида 6000 дан ортиқ киши қор кўчкилари туфайли ташқи дунёдан ажраб қолган. Жанубий Тиролда 16 ёшли чанғичи ҳалок бўлган.

🔹 Францияда конституция аёлларнинг ихтиёрий аборт қилиш ҳуқуқини мустаҳкамлаб қўйди ва бундай қарорни қабул қилган дунёдаги биринчи давлат бўлди.

🔹 Европа Иттифоқи 2025 йилдан бошлаб Украина газини Россия Федерациясидан транзит қилишдан бош тортади. "Европа Иттифоқи Россия билан газ транзити бўйича келишувни узайтиришдан манфаатдор эмас", дейилади хабарда. ЕИ Украина газидан ва Украинанинг газ транспорт тизимидан, кўк ёқилғини сақлаш учун мамлакатнинг газ омборларидан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

🔹 Туркия ва Эронда зилзила юз берди. Эроннинг жануби-шарқий минтақасида 5,5 магнитудали, Туркия шимоли-ғарбида 4,9 магнитудали зилзила содир бўлган ва Истанбулда ҳам сезилган. Жиддий оқибатлар ҳақида маълумотлар йўқ.

🔹 Илон Маск дунёнинг энг бой одамлари рейтингида биринчиликни Жефф Безосга бой берди.

🔹 Дунёда биринчи бўлиб тирик донорлардан ўпка ва жигар трансплантацияси Японияда амалга оширилди. Операция Киото университети касалхонасида амалга оширилди. Ирсий касалликка чалинган 10 ёшли болага ўпкасининг бир қисмини ота-онаси, жигарининг бир қисмини бобоси берган.

🔹 Дунёдаги энг кекса аёл испаниялик Мария Морера ўзининг 117 ёшини нишонлади. У 1907 йил 4 мартда Американинг Сан-Франциско шаҳрида туғилган. Рекордчи сўнгги 23 йилдан бери қариялар уйида яшайди.

Г.Холдорова тайёрлади.