Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Жозеп Боррел Исроилнинг икки вазири санкциялар жорий этишни таклиф қилди
🔹 Россия Тергов қўмитаси мамлакат мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари армия генерали Павел Поповни ҳибсга олди. Унга қарши жиноий иш ҳарбий Патриот парки йирик лойиҳасини амалга ошириш доирасидаги фирибгарлик билан боғлиқ. Мудофаа вазирлиги тизимининг юқори мартабали вакилларига қарши шов-шувли жиноий ишлар туркуми жорий йилнинг апрелида мудофаа вазири ўринбосари Тимур Ивановнинг ҳибсга олиниши билан бошланган.
🔹 Арманистон 2027 йилда конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказишни режалаштирмоқда.
🔹 Европа дипломатияси раҳбари Хосеп Боррел Украина томонидан Ғарб қуролларини қўллаш бўйича мавжуд чекловларни бекор қилиш ва Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини қўшимча тақдим этишга чақирди. Шунингдек, Нидерландия Киевга берилган қирувчи самолётларидан Россия ҳаво ҳудудида фойдаланишни чекламайди.
🔹Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Исроил вазирлари Бецалел Смотрич ва Итамар Бен-Гвирга қарши «нафрат уйғотиш» бўйича санкциялар жорий этишни таклиф қилди. Улар Ғазо сектори аҳолисини инсонпарварлик ёрдамидан маҳрум қилишга чақирганди.
🔹 Павел Дуров қўшимча тергов ўтказиш учун ҳибсдан озод этилди. Унга 5 миллион евро миқдорида гаров тўлаш ва Франция ҳудудини тарк этмаслик айтилган. Париж суди Дуровни болалар порнографиясини тарқатиш, гиёҳванд моддалар савдоси, шунингдек, уюшган гуруҳ таркибида фирибгарликда айбламоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, Дуров Швейцарияда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилди. Бу ҳақда уч фарзандининг онаси Ирина Болгар хабар берган.
🔹 Яманнинг “Ансор Аллоҳ” ҳаракатидан ҳусийлар Қизил денгизда ҳужумга учраган ва шикастланган “Sounion” танкерини тортиб олиш учун вақтинчалик ўт очишни тўхтатишга рози бўлди. Греция байроғи остида Қизил денгизда сузиб кетаётган танкер 21 август куни ҳужумга учраган.
🔹 АҚШ Давлат департаментининг собиқ ходими Майк Бенз журналист Такер Карлсонга берган интервьюсида Америка ҳукумати Telegram платформасидан ўз ҳукуматини Вашингтон кўмагида алмаштиришга интилаётган мамлакатларда норозилик ҳаракатларини сафарбар қилиш учун фаол фойдаланаётганини айтди.
🔹 Хитой Марказий Ҳарбий Кенгаши раиси ўринбосари Чжан Юся АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан билан учрашувда Америка томонидан Тайван армияси билан “ҳарбий тил бириктиришни” тўхтатишни талаб қилди.
🔹 Қозоғистоннинг Freedom банки Россиянинг “Золотая корона” тўлов тизими орқали пул ўтказмаларини тўхтатди.
🔹 Илон Маскнинг SpaceX компаниясига тегишли Starlink сунъий йўлдош алоқа тармоғи Ботсвана ва Ганани ҳам қамраб олгандан сўнг дунёнинг 105 мамлакатида фойдаланиш мумкин бўлган тармоққа айланди.