Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Олимлар Арктикада музнинг эриши тезлашаётганидан огоҳлантирмоқда
🔹 Жанубий Корея ҳукуматининг барча аъзолари истеъфога чиқиш ниятини билдирган. Эслатиб ўтамиз, мамлакат президенти Юн Сек Ёл 3 декабрь куни тунда фавқулодда ҳарбий ҳолат жорий этилишини эълон қилган ва тонгда бу қарор бекор бўлган эди. У мухолифатни парламент назоратида ва КХДРга хайрихоҳликда айблаган.
🔹 Доналд Трампнинг маслаҳатчилари очиқ ва махфий равишда Украинадаги можарога барҳам бериш бўйича таклифларни илгари сурмоқда. Бу ғоялар яқин келажакда Украина ҳудудининг бир қисмини Россияга ўтказишни назарда тутади. Трампнинг маслаҳатчилари Москва ва Киевни "кулча ва таёқ" ёрдамида музокарага мажбурлашга, жумладан, Киев музокарага рози бўлмаса, унга ҳарбий ёрдамни тўхтатишга ёки Россия президенти Владимир Путин рад этса, ёрдамни оширишга ҳаракат қилади.
🔹 Келгуси шанба, 7 декабрь куни Парижда Франция президенти Эммануэль Макроннинг истеъфосини талаб қилувчи “Макрон, кет!” шиори остидаги норозилик намойиши бўлиб ўтиши айтилмоқда.
🔹 Жанубий Кореяликлар оммавий равишда консерва сотиб олмоқда. Бу Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат жорий қилинганидан кейин содир бўлди. Маҳаллий аҳоли қариндошлари билан алоқада бўлиш учун машҳур оммавий равишда телеграм юклаб олишмоқда. Сешанба оқшомида бутун мамлакат бўйлаб дўконларда консерва, шишалик сув, пиширилган гуруч, аккумулятор ва дори-дармонлар сотуви ўсган.
🔹 Африкада грипп ва COVID-19 га ўхшаш янги вируснинг тарқалиши қайд этилди: 143 киши вафот этган. Шифокорлар ҳали аниқ ташхисни аниқлай олмаган.
🔹 Германия ташқи ишлар вазири айрим шартлар билан немис тинчликпарвар кучларини Украинага юборишга рухсат берди. Аввалроқ қатор Ғарб ОАВлари Европа ҳақиқатдан ҳам эҳтимолий ўт очишни тўхтатишни таъминлаш учун Украинага ўз қўшинларини юбориш масаласини муҳокама қилаётгани ҳақида ёзган эди.
🔹 Тбилиси кўчаларида намойишлар давом этмоқда. 28 ноябрдан бери ҳар оқшом намойишлар ўтказилиб, ҳукуматдан Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музлатилган ташаббусини жонлантириш ва янги сайловларни сохталаштиришсиз ўтказишни талаб қилмоқда.
🔹 Германия ҳукумати фашистларнинг Заксенхаузен концлагерининг собиқ қўриқчиси 100 ёшли Грегор Форманекни жиноий жавобгарликка тортмоқчи. Форманек 1943 йил июлидан 1945 йил февралигача Заксенхаузенда хизмат қилган.
🔹 АҚШ ва швециялик олимлар гуруҳи Арктикадаги денгиз музлари қачон бутунлай эриши мумкинлигини айтмоқда. Бу кутилганидан ҳам эртароқ келиши мумкин. Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатдики, иқлим ўзгариши билан Арктикадаги денгиз музлари мисли кўрилмаган даражада - ҳар ўн йилда 12 фоиздан кўпроқ йўқолмоқда. Энг эрта прогноз 2027 йил ва бошқа тўққизта модел Шимолий Муз океанининг 3-6 йил ичида эриши мумкинлигини кўрсатган. Олимларнинг айтишича, иссиқхона чиқиндиларини камайтириш музсиз Арктикани кечиктириши мумкин.
🔹Германияда мактаб ўқувчилари кечикканлиги учун жаримага тортила бошланди. Бавариядаги гимназия сабабсиз мунтазам равишда дарсларга кечикиб келганларни 5 евро “жазоламоқда” ва бу иш бермоқда.