Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Шимолий Корея Россиянинг Украинага бостириб киришини “қўллаб-қувватлайди”. НАТОнинг янги бош котиби ким бўлади? Эронда рақамли риаллар ишга тушди
🔹 Путиннинг Шимолий Кореяга бугунги ташрифи давомида Россия ва КХДР янги стратегик шериклик шартномасини имзолади. Россия президенти коммунистик сулола раҳбарига Москва сиёсатини, шу жумладан, Украина йўналишида қўллаб-қувватлагани учун миннатдор. АҚШ ва Жанубий Корея расмийлари Путин ва Ким ўтган йили учрашганидан кейин Пхеньянни иқтисодий ёрдам ва ҳарбий технологиялар эвазига Москвани янада кўпроқ қурол-яроғ билан таъминлашидан хавотирда.
🔹 Франция 26 июль куни Париж Олимпиадасининг очилиш маросими олдидан хавфсизлик чораларини кучайтирмоқда. Ўша куни 200 га яқин Олимпия делегацияси 80 дан ортиқ қайиқларда дарё парадига қўшилади. Улар олти километрлик маршрут бўйлаб шарқдан ғарбга йўл олади. Очилиш маросимида 100 нафар дунё етакчилари шаҳар қирғоқларида тўпланади, 300 мингдан ортиқ томошабин йиғилиши кутилмоқда.
🔹 Исроилда намойишлар: "Урушни тўхтатинг, гаровга олинганларни қайтаринг, Нетаньяҳу истеъфога!". Қуддусда шу талаблар билан ҳукуматга қарши норозилик намойишлари давом этмоқда. Бу орада Исроилда Ғазода уруш олиб бориш учун яратилган кабинет тарқатиб юборилди. Бу Ғазо секторидаги саккиз ойлик урушни тугатиш бўйича музокаралар учун қўшимча муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
🔹 Голландиянинг амалдаги бош вазири Марк Рютте НАТО янги Бош котиби бўлади. Бу Руминия президенти Клаус Йоханнис қарорни қўллаб-қувватлаганидан кейин содир бўлади. Бунгача Рутте Венгрия томонидан қўллаб-қувватланган. НАТОнинг юқори лавозимига тайинланишнинг расмий тартиби мавжуд эмас, аммо алянснинг барча 32 аъзоси рози бўлиши керак.
🔹 Туркияда сўнгги 24 соат ичида 42 та ёнғин қайд этилди, уларнинг ярми ўрмонларда содир бўлган. Туркия ғарбидаги Усак вилоятида содир бўлган ўрмон ёнғини кенгайиб бормоқда.
🔹 Америка президенти Жо Байден сешанба куни унинг маъмурияти 500 мингдан ортиқ одамнинг Қўшма Штатларда қонуний мақомга эга бўлишини осонлаштириш учун бир қатор чоралар кўрганини эълон қилди. Шунингдек, АҚШдаги олий таълим муассасаларида ўқиган ва мамлакатда ишлаш таклифи олганлар учун АҚШ визаларини бериш осонлаштирилади.
🔹 Эрон Марказий банки сентябрда синовдан ўтказа бошлаган рақамли риални 21 июндан оммавий муомалага киритади. Мижозлар харидлар ва пул ўтказмалари учун виртуал валютадан фойдаланишлари мумкин бўлади.
🔹 Москва, Қозон ва Нижний Новгородда 200 га яқин киши консерваланган ловиядан заҳарланган. Бугун заҳарланиш ишига тўртинчи алоқадор - етказиб бериш хизмати ходими, тожикистонлик Карим Норматов қўлга олинган. Аввал консервалар ишлаб чиқарилган "Савон-К" раҳбари Владимир Шин, шунингдек, сифатга жавоб берувчи яна икки ходим ҳибсга олинган.