Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Туркия Исроил билан савдо алоқаларини тўхтатди. Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларининг Россияга киритмаслик ҳолатлари айтилмоқда

🔹 Туркия Савдо вазирлиги мамлакат Исроил билан барча экспорт ва импорт операцияларини тўхтатганини тасдиқлади. “Давлат даражасида амалга оширилган чора-тадбирларнинг иккинчи босқичини амалга ошириш бошланди. Исроил билан экспорт-импорт операциялари барча товарлар гуруҳлари бўйича тўхтатилди”, дейилади маҳкама баёнотида.

🔹 Қирғизистон фуқароларига «заруратсиз» вақтинча Россияга саёҳатдан воз кечишни тавсия қилинди. Вазирлик сайтида айтилишича, Россияда “киритилган қўшимча хавфсизлик чоралари ва ҳудудга кириш назорати юмшатилгунга қадар” саёҳатдан тийилиш тавсия этилади. ТИВнинг тушунтиришича, тавсия ОАВда республика фуқароларининг Россия Федерациясига киритишдан оммавий ман этилгани ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлиши муносабати билан берилган. Ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик ҳам Россия чегарачилари Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларини оммавий равишда мамлакатга киритмаётганини айтди. Унинг маълумотларига кўра, 1 майга қадар Россия аэропортларида тўрт ярим мингга яқин одам, тахминан шунча одам қуруқликдаги чегара назорат-ўтказиш пунктларидан мамлакат ҳудудига киритилмаган.

🔹 Россия Федерациясида террорчилик ҳаракати сифатида тан олинган Толибон ҳаракати Қозоғистон ва Туркманистон билан минтақавий экспорт, жумладан, Россиядан Жанубий Осиёга нефть етказиб бериш учун логистика маркази қуриш бўйича келишиб олди. Толибон янги марказ орқали миллионлаб тонна нефть ўтишига ва Россия уни яқин йилларда Жанубий Осиё давлатлари, хусусан, Покистонга сотишини умид қилмоқда.

🔹 Францияда Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларига қарши талабалар норозиликлари давом этмоқда. Фаластин тарафдори бўлган ўнлаб намойишчилар Париждаги нуфузли Sciences Po университетининг бир неча биноларини эгаллаб олган.

🔹 2024 йилда сўз эркинлиги учун Deutsche Welle мукофоти мухолифатчи Алексей Навальний хотини Юлия Навальнаяга топширилди. Мукофот бугун, 3 май - Жаҳон матбуот эркинлиги кунида эълон қилинди.

🔹 Бугун Ерда 2024 йилнинг учинчи энг кучли магнит бўрони кузатилмоқда.