Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Японияда озиқ-овқат қўшимчалари туфайли одамлар вафот этди. «Крокус Сити Холл» "Газпромбанк" гаровида
🔹 Япониянинг 100 дан ортиқ фуқароси Kobayashi Pharmaceutical фармацевтика компаниясидан озиқ-овқат қўшимчаларини қабул қилиб, касалхонага ётқизилган, улардан икки нафари ҳалок бўлган. Сабаб сифатида қизил хамиртурушли гуручни ўз ичига олган қўшимчалар кўрсатилмоқда.
🔹 “Титаник” фильмидаги қаҳрамон – Ди Каприо сиғмаган ёғоч эшик аукционда 718 минг долларга сотилди. Энди эшикни қўлга киритган "омадли назариётчи" икки кишилик жой етарли ёки йўқлигини текшира олади, деб ёзади Британия газетаси.
🔹 22 март куни теракт содир этилган «Крокус Сити Холл» концерт зали "Газпромбанк"ка гаровда тургани аниқланди. Бино шикастланган, шунинг учун гаров таъминотининг ликвидация қиймати янада пасайган.
🔹 Американинг Балтимор шаҳрида Френсис Скотт Кей автомагистрал кўприги қулаган жойда қидирув-қутқарув ишлари тўхтатилди. Йўқолганлар рўйхатига киритилган олти киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Улар кўприк йўл қопламасини таъмирлаётган ишчилар бўлган.
🔹 Давлат думаси депутатлари Москва вилоятида юз берган терактдан кейин миграция сиёсатини кучайтиришга киришган. Улардан бири мигрантлар фуқароликни олгандан кейин 5 йил ичида ҳар қандай қурол сотиб олишни тақиқловчи қонун муҳокамасидир.
🔹 Арманистон Озарбайжон ва Грузия билан чегарани демаркация қилиш жараёнини тезлаштириш ниятида. Арман томони Грузияга икки давлат чегарасида, Арманистоннинг Лори вилояти Алаверди ҳудудида жойлашган Жилиза қишлоғини қайтаришни режалаштирган. Бу масала Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе ва унинг Арманистон раҳбари Никол Пашиняннинг Ереванга ташрифи учрашувида муҳокама қилинган.
🔹 Ливаннинг Ҳизбуллоҳ шиа партияси қуролли кучлари Исроил армияси позициялари ва Юқори Жалиладаги аҳоли пунктларига қатор ракета ҳужумларини уюштирди. Исроил армияси хабар беришича, ал-Хаббариядаги ҳаво ҳужуми чоғида Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатининг иттифоқчиси “Ал-Жамоа ал-Исломия” гуруҳининг дала қўмондонларидан бири йўқ қилинган.
🔹 Лукашенко Болтиқбўйи давлатлари билан қарама-қаршиликка тайёрланмоқда. У Литва билан чегара яқинидаги Беларусь армиясини бориб кўрди ва ҳарбийлар билан Сувалский коридорида эҳтимолий ҳарбий амалиётларни муҳокама қилди. Узунлиги 100 километрдан кўпроқ бўлган Сувалский коридори Польшани Болтиқбўйи мамлакатлари билан боғлайди ва Беларусни Калининград вилоятидан ажратиб туради. Бу НАТО билан уруш ҳолатида Россия президенти Владимир Путиннинг энг эҳтимолий нишонларидан бири саналади: агар у забт этилса, Литва, Латвия ва Эстония НАТОнинг бошқа мамлакатлари билан алоқалари узилиб қолади.
🔹 Доналд Трамп Американи ибодат қилишга мажбурлашга қарор қилди. Молиявий аҳволи ёмонлашуви фонида собиқ президент ўз бренди остида “Биз Американи яна ибодат қилишга мажбурлашимиз керак” сайловолди шиорига мослаштирилган ҳолда Библия сотишни бошламоқчи.
🔹 Исроил 2025 йилда гимнастика бўйича Европа чемпионатини ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Гимнастика бўйича Европа ижроия қўмитаси Исроилдаги мавжуд вазият туфайли мусобақани бошқа давлатга кўчирмоқчи.
🔹 ЮНИCЕФ: Ғазодаги ҳар учинчи бола тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда. Гап Ғазо секторининг шимолида бўлган ва етарли озиқ-овқат ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган икки ёшгача бўлган болалар ҳақида бормоқда. ЮНИСЕФ болаларнинг тўйиб овқатланмаслик ва сувсизликдан нобуд бўлишидан бонг урмоқда.
🔹 Бошқирдистонда яшовчи шахс вапинг (электрон сигарет)дан кейин жиддий асаб бузилиш ва галлюцинациялар билан психиатрия шифохонасига ётқизилди. Лаборатория текшируви унинг танасида никотин ошганини кўрсатган. Мутахассис айтишича, вапинг истеъмолида организмга ўта заҳарли модда - акролеин киради, бу мия ривожланиши, хотира, концентрация ҳамда асаб тизимига салбий таъсир қилади.
Гулнора Холдорова тайёрлади.