ХХI асрнинг янги эпидемияси: номофобия болалар физиологик ва руҳий саломатлигига қандай таъсир кўрсатади?
Мобил қурилмалар бугун кичик ёшли болаларнинг севимли овунчоғига айланиб улгурди. Ота-оналар болаларнинг турли инжиқликлари ва хархашаларини тинчитиш учун қўлига телефон тутқазиб, ўзлари турли юмушлар билан банд бўлади. Энг қизиғи, 3 ёшли фарзанди гаджетлар билан бемалол муомала қилаётганидан фахрланиб ҳам қўяди.
Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан телефонга қарамликка касаллик даражасида қаралмоқда. Болаларда телефонга қарамлик жисмоний саломатликка ёмон таъсир этиши билан бирга, боланинг руҳий ривожланишини кескин ўзгартириб юбориши мумкин. Бундай болалар қаттиқ қўрқув, хавотир, тушкунлик, жиддий безовталик кайфиятида бўлишади.
Уларда мақсадлар йўқлиги, агрессивлик, ортиқча жазавага тушиш кузатилади. Фақат телефонлардаги виртуал ҳаёт таъсирида бўлишади. Агар вақтида зарур чоралар кўрилмаса, келгусида бу болалар жамиятда бефарқ, лоқайд кишиларга айланиши мумкин.
Шу боис ҳар нарсанинг меъёри бўлгани каби гаджетлардан фойдаланишда ҳам маълум талаблар бўлиши керак. Зеро, виртуал оламга қаттиқ боғланиб қолиш инсоннинг физиологик ва руҳий саломатлигида жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкин.
ХХI аср - ахборот технологиялари, инновациялар асри. Бу яхши, албатта. Чунки инновациялар, технологиялар жамиятимизнинг ривожи, равнақи учун хизмат қилади. Шу билан бирга, янги асрда янги касаллик — номофобия вужудга келгани кишини ўйлантиради. Хўш, бу ўзи қандай касаллик?
Айтиш жоизки, номофобия (мобил фобия) телефонсиз қолиш қўрқуви ҳисобланади. Даволаш мумкин бўлган хасталиклардан ҳам хавотирлироқ бу касаллик аср вабоси деб ҳам тан олинган. Шу сабабли дунёнинг кўплаб давлатларида бу касалликни аниқлаш ва даволаш устида муайян ишлар олиб борилмоқда.
Тадқиқотларга кўра, рақамли қурилмалардан кўп фойдаланадиган ўқувчиларда руҳий ва хатти-ҳаракатларининг бузилиши, асаб тизими касалликларнинг юқори даражада тарқалиши, қон айланиш, нафас олиш тизими касалликлари, овқат ҳазм қилиш органларидаги муаммолар, тиш оғриғи ва кариесдан шикоятнинг кўплиги, умуман, турли касалликларнинг юқори даражада тарқалиши кузатилган.
Лекин айрим ота-оналар смартфонларнинг ёшлар саломатлигига жиддий хавф туғдираётганини била туриб, бу масалага панжа орасидан қараётгани таассуфли.
Болалар бизнинг келажагимиз, эртамиз давомчилари ҳисобланади. Улар билан ҳаётимиз обод, кўнглимиз чароғон. Шундай экан, бугун биз тарбиялаётган фарзандлар келгусида руҳий жиҳатдан кимгадир қарам, лоқайд, бефарқ кимсалар бўлиб эмас, балки ҳар томонлама соғлом, баркамол, Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган авлод бўлсин. Бу эса, энг аввало, ота-оналар, кенг жамоатчилик ва сизу бизга боғлиқ.
Музаффара АБДИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.