“Ягона миллий меҳнат тизими”га киритмаслик ҳолатлари учун 1 сентябрдан маъмурий чора кўрилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 октябрдаги “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, барча юридик шахслар томонидан 2020 йил 1 январдан бошлаб “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида янги меҳнат шартномаларини тузиш, амалдаги меҳнат шартномаларига ўзгартириш киритиш, шунингдек, уларни тугатиш, меҳнат дафтарчаларига киритиладиган ёзувларни мажбурий рўйхатдан ўтказиш белгиланган.

Президентимизнинг мазкур қарорининг 12-бандига кўра, меҳнат шартномаларини, амалдаги меҳнат шартномаларига ўзгартиришларни, уларнинг тугатилишини мазкур янги тизимда ўз вақтида рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, электрон меҳнат дафтарчасини шакллантириш учун масъулият иш берувчи зиммасига юклатилган. Бунда иш берувчиларга иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатларини, шу жумладан меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат шартномаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, уларни тугатиш тартиб-таомилларини электрон рўйхатдан ўтказишни амалга ошириш;

- иш берувчиларнинг тузилмаси (штатлар жадвали), шу жумладан мавжуд ва яратиладиган иш ўринлари, меҳнат шароитлари, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари тўғрисидаги электрон маълумотлар базасини шакллантириш;

- ходимнинг меҳнат стажини ҳисоблаш тўғрисидаги маълумотлар, ҳисобланган иш ҳақи ва жисмоний шахсларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадларига ҳисобланган солиқлар, фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси ҳисобига тўловлар ҳақидаги ахборотга асосланган электрон меҳнат дафтарчасида жисмоний шахсларнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ва юритиш вазифалари юклатилган.

Қарор ижроси юзасидан шу пайтгача вилоят бўйича барча – 41 минг 439 иш берувчи тизимда рўйхатдан ўтказилди. Уларда ишловчи 458 минг 840 нафар жисмоний шахслардан 443 минг 54 нафарининг меҳнат муносабатларига оид маълумотлари “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида акс эттирилган.

Вилоятимизнинг айрим ҳудудларида мазкур қарор талабларига риоя этмаётган иш берувчилар ҳам мавжуд. Бундай масъуллар ишчи-ходимларнинг меҳнат муносабатларига оид маълумотларини 2020 йил 1 сентябрдан кечиктирмасдан “Ягона миллий меҳнат тизими”да рўйхатдан ўтказишлари лозим. Ушбу маълумотларни белгиланган муддатда тизимга киритмаслик ёхуд кечиктириш ҳолатларига йўл қўйилса, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси биринчи қисмига асосан жавобгарлик чораси қўлланилади.  

Мухтор Рустамов,

Самарқанд вилояти бандлик бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.