Ялангтўшдан енгилган Шоҳжаҳон бунёдкорлик баҳсини бошлади. Натижада… инсоният ғалаба қозонди
Абдулазиз Бухоро хони сифатида тарих саҳнасига кўтарилгач, 1646 йили Ҳиндистондаги бошқа бир аждодимиз Шоҳжаҳон билан Балхда ҳукмронликни ўрнатиш учун кескин зиддият ва кейинчалик уруш келиб чиқади. Шоҳжаҳоннинг кучли қўшинига бас келиш қийин эди. Хўжамқулибек Балхийнинг “Тарихи қипчоқ хони” манбасига кўра, Абдулазизхон барча ўзбек амир ва бекларини улуғ қурултойга йиғиб, қандай ғалаба қозониш ҳақида маслаҳатлашади. Унга кўра, Тошкентда ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ беклари бир камарга бириккандек бирлашишга аҳд қилишади ва Ҳиндистон қўшинига қарши курашга отланишади. Гарчи Ялангтўш Баҳодир Абдулазизхон билан зиддиятда бўлса-да, бу юришда унга ҳамроҳлик қилади. Шоҳжаҳондан Балх тортиб олингач, Абдулазизхон билан Ялангтўш ўртасида илиқлик юзага келади.
Шу ерда қизиқ, бадиийлашган ҳолатни кузатишимиз мумкин. Бобурий ҳукмдор Шоҳжаҳон уни очиқ жангда енгган Самарқанд ҳукмдорини гарчи қилич билан бўлмаса-да, бошқа томонлама ўзига хос тарзда енгмоқчи бўлган. Бу енгиш дунёни ҳайратда қолдирувчи улкан иморат кўринишида амалга ошиши ва довруғ таратиши керак эди.
Абу Тоҳирхожанинг Самария асарида келтирилганидек, “Қизиғи шундаким, мадрасанинг солиниши тарихи «Ялангтўш Баҳодир», яъни 1619 йили қурилиши бошланган Шердор мадрасаси салобати ва гўзаллиги нуқтаи назардан атрофга донг тарата бошлади. Шоҳжаҳон бунга жавобан Ҳиндистонда тенгсиз меъморий обида қолдириш ниятида 1632 йили Тож Маҳални қуришга киришади ва унга 20 йилдан ортиқ вақт сарфлайди. Агра иморатининг овозаси кундан кун кучаяётган вақтда самарқандлик ҳукмдор бунёдкорлик яловини қўлдан бергиси келмади, биргина Шердор камдек кўринди. 1646 йили жавобга жавоб тарзида навбатдаги, бугунги кунда Тиллакори деб аталаётган яна бир гўзал меъморий асарнинг қурилишини бошлади ва шу билан баҳсга якун ясаб, ҳозирги Регистон кўринишига асос солди.
Бу икки ҳукмдор аждодимиз машҳур Регистон ва Тож Маҳал меъморий обидалари билан инсоният ақлини лол этди, тарихда улуғ бунёдкорлар сифатида ном қолдиришди. Иморат солиш баҳсида енгилган бўлмади, фақатгина буни англаш ва унинг қадрига етиш ҳозирга қадар муаммо бўлиб қолди.
Эркин МУСУРМОНОВ,
филология фанлари номзоди.
Таҳририятдан: Муаллиф ушбу тарихий фактни бежиз келтирмади. Унинг ибрати бугунга ҳам жуда мос келади. Қанийди, бугуннинг раҳбарлари, туман, шаҳар ҳокимлари ҳам қўшни ҳудудларда бунёд этилган кўркам иморатлар, замонавий иншоотлар, равон йўллардан андаза олиб, бунёдкорлик яловини қўлдан бермасалар…