Янги эски президент: Эммануэль Макрон Франция президенти этиб қайта сайланди

58,5 фоиз овоз олган Эммануэль Макрон яна беш йил Елисей саройи эгаси бўлиб қолади.

У ғалабани Эйфель минораси этагида нишонлади ва ўзининг зафарли нутқида кўпчилик фақат экстремал ўнг қанот ҳукуматга келишига йўл қўймаслик учун овоз берганини тан олди.

Ўта ўнг “Миллий бирлашув” партияси раҳбари Марин Ле Пен мағлубиятини тан олди, бироқ рақибини табрикламади. Бундан ташқари, у ўз натижасини "зўр ғалаба" деб атади, чунки иккинчи турда уни 41 фоиздан кўпроқ французлар қўллаб-қувватлади.

Француз журналистлари “президентлик сайловларининг учинчи босқичи” деб атаган парламент сайловлари июнь ойида бўлиб ўтади. Ҳар икки номзоднинг партиялари учун Миллий Ассамблеяда кўпчилик овозни қўлга киритиш қийин бўлади – айниқса, французларнинг сиёсий бефарқлиги ошиб бораётганини ҳисобга олсак: президентлик сайловларида иштирок этиш охирги 20 йил ичида рекорд даражада паст бўлди.