Янги лойиҳалар имкониятлари

Қишлоқ хўжалигига киритилган инвестициялар эса 91,1 миллиард сўмлик 7 лойиҳани ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш имконини берди.

Савдогарликдан ишлаб чиқаришга

Давлатимиз раҳбари ташрифи чоғида Самарқанд туманидаги "Сам Рафоат текстиль" масъулияти чекланган жамияти фаолиятини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш қувватларини оширишга оид лойиҳа тақдим этилган эди. Умумий қиймати 43 миллиард 700 миллион сўмлик мазкур лойиҳа доирасида айни пайтда корхонада қурилиш ишлари якунига етказилмоқда.

Ушбу лойиҳа ташаббускори "Сам Рафоат текстиль" масъулияти чекланган жамияти раҳбари, ёш тадбиркор Шуҳрат Ҳамдамовдир.
– Тадбиркорликни савдо-сотиқ ишлари билан бошлаганман, – дейди Шуҳрат Ҳамдамов. – Хориждан текстиль маҳсулотлари олиб келиб, Самарқанддаги бозорда сотардим. Юртимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор, ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш учун берилган имтиёзлар туртки бўлиб, хориждан маҳсулот эмас, технология олиб келиш ҳаракатига тушдим. 2010 йилда АҚШдан замонавий технология келтириб, бахмал ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим. Ишимиз юришиб, маҳсулотимизга ички ва ташқи бозорда тезда харидор топилди. Лекин бозорни ўрганиш жараёнида бу маҳсулотнинг экспорт географияси кенг эмаслигини сезгач, 2014 йилда сочиқ ишлаб чиқаришни ҳам бошладик. Япония, Бельгия, Италия ва Германияда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар ҳар қандай ўлчам ва дизайндаги сифатли сочиқ ишлаб чиқариш имкониятини берди. Натижада қисқа вақтда тайёрлаётган маҳсулотимизнинг асосий қисмини экспортга чиқара бошладик.

150 киши меҳнат қилаётган корхонада ҳозирда бир кунда 2200 килограмм ип-калавадан сифатли сочиқ ва бахмал тайёрланмоқда. Маҳсулотнинг қарийб саксон фоизи экспорт қилинади. Ўтган йил корхона томонидан 300 минг долларлик экспорт шартномалари муваффақиятли амалга оширилган.
– Фаолият бошлаганимдан буён юртимизда ва хорижда ўтказиладиган саноат ярмаркаларида иштирок этиб келаман, – дейди Шуҳрат "Маҳсулотга харидор топиш қийин эмасми?", деган саволимизга жавобан. – "Ўзтўқимачилик саноат" уюшмаси, Савдо-саноат палатаси аъзосиман.

 Улар томонидан ташкил этиладиган ҳар бир семинар, халқаро тадбирларда қатнашаман. Ҳамкорларимнинг аксариятини ана шундай ярмарка ва тадбир орқали топганман. Жумладан, ҳозирда Россияга чиқарилаётган маҳсулотга харидорлар билан ўтган йил Москвада ўтказилган ярмаркада шартнома тузганмиз. Кейинги икки йил давомида Украинадаги бозорни ўрганиб, жорий йилда ушбу давлатда ўз савдо уйимизни очишни режалаштирганмиз. Шунингдек, апрель ойида Беларусь Республикасида ташкил этиладиган халқаро саноат ярмаркасида қатнашиш ниятидамиз. 

Корхонанинг иккинчи линияси учун Япониядан энг сўнгги русумдаги замонавий технологияларни келтириш бўйича шартномалар имзолаганмиз. Ҳамкорларимиз ускуналарни шу йилнинг июнь ойигача етказиб беришади. Унгача биз ҳам қурилиш ишларини якунига етказиб, йилнинг иккинчи ярмида ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширамиз. Ана шунда корхонамиз кунига 6,5 тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга бўлади. Юздан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Энг муҳими, экспорт салоҳиятимиз ҳозиргидан бир неча баробар юқори бўлади.

"ОҚ Амур балиҚлари" интенсив технология асосида ишлайди

Тумандаги "Оқ Амур балиқлари" фермер хўжалиги вилоятимиздаги балиқчилик хўжаликлари орасида ўз ўрни, мавқеига эга. 
2009 йилда битта сунъий сув ҳовузида балиқ етиштириш билан иш бошлаган хўжалик бугунги кунда ўнга яқин ҳовузда "луқмаи ҳалол" тайёрламоқда. Фермер томонидан ўтган йил 108 тонна балиқ, 25 тонна балиқ чавоқлари етиштирилди. 

– Президентимизнинг 2017 йил 1 майдаги "Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори соҳа ривожида муҳим қадам бўлди, – дейди "Оқ Амур балиқлари" фермер хўжалиги бошлиғи ўринбосари Мақсуд Акрамов. – Қарорга мувофиқ, "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси ва унинг таркибида жойларда балиқчилик тармоғи ташкилотлари ишларини мувофиқлаштирувчи ҳудудий "Балиқсаноат" масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилди. Хусусан, Самарқанд "Балиқсаноат" масъулияти чекланган жамияти бизнинг хўжалигимиз ҳудудида фаолият бошлади.

Мазкур қарорда белгилаб берилган вазифалар асосида хўжалигимизда ҳам балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш, балиқ чавоқларини кўпайтириш ва озуқа базасини мустаҳкамлаш, сув ҳавзалари ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, балиқ етиштириш жараёнига илмий асосланган усулларни ва интенсив технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида фермер хўжалигимиз етакчиси Вьетнам, Индонезия ва Малайзияда бўлиб, соҳани ривожлантириш юзасидан олиб борилаётган ишлар билан танишиб қайтди.

Айниқса, Вьетнам давлатида интенсив технология асосида балиқ ва балиқ чавоқлари етиштириш усуллари эътиборни тортгач, мазкур технологияни ўзимизда ҳам жорий этишга қарор қилдик. Шу асосда интенсив усулда балиқ парваришлашга мўлжаланган олтита сунъий сув ҳавзаси, балиқ кўпайтириш инкубация цехлари, омихта ем тайёрлаш, 300 тонналик сиғимга эга музлаткичли омборхона, балиқни қайта ишлаш ва сақлашга мўлжалланган жойлар ташкил этишни ўз ичига олган лойиҳа ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳа давлатимиз раҳбари томонидан ҳам маъқуллангач, уни амалга оширишга киришилди. 

Лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш мақсадида "Ипотека банк" томонидан фермер хўжалигига 5 миллиард 230 миллион сўм кредит ажратилди. Бугунги кунда интенсив усулда балиқ етиштиришга мўлжалланган сунъий сув ҳавзалари ташкил этиш якунига етказилган. Инкубация цехлари, омихта ем тайёрлаш ва музлаткичли омборхона, ишчилар учун тураржойлар қурилиши ҳам яқин орада якунланади. Омборлар учун эса хориждан замонавий технологиялар келтириб ўрнатиш бўйича келишувларга эришилган.
– Лойиҳа амалга ошгач, ушбу ҳовузларнинг ўзида йилига 300 тонна балиқ етиштириш имконияти яратилади – дейди М.Акрамов. – Шунингдек, вилоятимиздаги балиқчилик хўжаликларини чавоқ билан таъминлаш кўрсаткичлари ҳам анча ошади.

Мазкур лойиҳалардан ташқари, бугунги кунда туманда интенсив ёнғоқзорлар ташкил этиш учун "Самарқанд мева-сабзавотлари" масъулияти чекланган жамиятига 14,6 гектар, "Миронқул мева-сабзавотлари" МЧЖга 159 гектар ер майдонлари ажратилиб, кўчат экишга тайёрланган. "Мароқанд парранда" паррандачилик корхонаси негизида эса 2 миллион бош курка боқишга мўлжалланган лойиҳа амалга оширилади. Бунинг учун корхонага ер майдони ажратилган.

Fолиб ҲАСАНОВ,
Алишер ИСРОИЛОВ (фото).

Тумандаги йигирмага яқин экспортёр саноат корхоналари томонидан шу йилнинг январь ойида қарийб 1 миллион долларлик мол-маҳсулот экспорт қилинган бўлса, йил якунига қадар жами 11 миллион 195 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот хорижга чиқарилиши кутиляпти.