"Янги Маргарет Тэтчер": Британия бош вазири лавозимини эгаллаган учинчи аёл – Лиз Трасс Британия ҳукуматини бошқаришга тайёрланмоқда. Трасс сайланиши билан бир қанча амалдорлар истеъфога чиқа бошлашди
Лиз Трасс Буюк Британиянинг янги бош вазири - партиявий овоз бериш натижаларига кўра, у ҳукмрон Консерватив партия етакчиси этиб сайланди.
У сешанба куни Британия Бош вазири лавозимини эгаллаган учинчи аёлга айланади ва Даунинг-стритдаги қароргоҳига кўчиб ўтади.
Бир кун аввал Буюк Британия Консервативлар партияси раҳбари сайлови натижалари эълон қилинди. Ташқи ишлар вазири Трасс 81,3 минг овоз билан ғалаба қозонди. Унинг рақиби, собиқ молия вазири Риши Сунака 60,4 минг овоз олди.
«Лиз янги Маргарет Тэтчер бўлади. Биз муҳим ўзгаришларни кутмоқдамиз, менимча, у уларни амалга оширишга қодир. Бу «Темир хоним»нинг қайтиши, дейишмоқда Англия шарқидаги Норфолк округи аҳолиси.
2019 йилда Тереза Мейнинг ўрнига бош вазир лавозимини эгаллаган Борис Жонсон 7 июль куни ҳукумат аъзоларининг оммавий истеъфога чиқиши ортидан бош вазир ва Консерватив партия раҳбари лавозимини тарк этишини эълон қилган эди.
Буюк Британия маданият, оммавий ахборот воситалари ва спорт вазири Надин Доррис ва яна бир қанча амалдорлар Лиз Трасснинг мамлакат бош вазири сайловида ғалаба қозонгани эълон қилиниши билан истеъфога чиқди, деб хабар бермоқда Sky News.
Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлиги хавфсизлик масалалари бўйича вазир ўринбосари Стивен Макпартленд ва Британия Вазирлар Маҳкамаси котибияти ходими Найжел Адамс ҳам истеъфога чиқишини маълум қилди.
Аввалроқ Британия ички ишлар вазирлиги раҳбари Прити Пател истеъфога чиқиш тўғрисида ариза ёзган эди.