Яқин келажакда Самарқанд шаҳрининг Буюк Ипак йўли, Гагарин кўчаларида замонавий йўл ҳамда пиёдалар йўлаги қурилади

Жорий йилнинг 31 октябрь куни сайтимизда “Бизга пиёдалар йўлаги керак эмасми?” сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мақолада қайд этилган танқидий фикрларга муносабат билдирди:

“Мақолада кўрсатилган камчиликлар кўпдан буён кузатилиб келинмоқда. Баъзи тадбиркорлар ўзбошимчалик билан ҳаракат қилиб, савдо дўконларида сақланиши керак бўлган маҳсулотларини пиёдалар йўлагига чиқариб сотишмоқда. Оқибатда пиёдалар учун мўлжалланган йўлак қисқариб, аҳоли юришига халақит бераётгани бор гап. Айни пайтда мазкур ҳолат мутасаддилар томонидан кўриб чиқиляпти ва тегишли чоралар кўрилмоқда.

Шунингдек, мақолада Буюк Ипак йўли, Гагарин ва бошқа кўчаларнинг икки томони “машина бозори”га айлантирилгани ҳам таъкидланган. Маълумки, айни пайтда шаҳримизда ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти. Ушбу кўчаларда ҳам навбати билан қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилади ва замонавий йўл ҳамда пиёдалар йўлаги қурилиб, аҳоли қатнови учун қулай шароитлар яратилади.

Айни кунларда Самарқанд шаҳрининг Амир Темур, Рудакий ва уларга туташ кўчаларида пиёдалар йўлакларини қуриш, таъмирлаш ва тартибга олиш ишлари давом этмоқда.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати”.