“Йил имоми – 2023” республика босқичи бўлиб ўтди, ғолиблар орасида Самарқанд вакили ҳам бор

Бугун масжидларда фаолият юритаётган имом-домлалар ўртасида “Йил имоми – 2023” кўрик танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати хабар берди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган 14 нафар имом-домла беллашди.

Иштирокчилар Қуръони Карим қироати ва тафсири, ақида, фиқҳ, Ислом тарихи, ҳадис илмлари, алломалар ижодига оид саволларга жавоб беришди. Шунингдек, меҳнат фаолияти давомида амалга оширган ишлари ва ижодларини намойиш этишди.

Қатнашчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан мезонлар асосида баҳоланди.

Танлов натижаларига кўра, қуйидаги иштирокчилар совринли ўринларга муносиб топилди:

1-ўрин – Тошкент шаҳридаги “Холид ибн Валид” жоме масжиди имом-хатиби Исроилжон домла Исмоилжоновга I даражали диплом ва Ҳаж сафари йўлланмаси;

2-ўрин – Андижон вилоятидаги “Мирзахолиқ ота” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадийхон домла Ҳожиевга II даражали диплом ва 15 млн. сўм пул мукофоти;

3-ўрин – Самарқанд вилоятидаги “Шайх Худойдод Вали” жоме масжиди имом-хатиби Анвар домла Аҳмедовга III даражали диплом ва 12 млн. сўм пул мукофоти топширилди.