Ёпиқ бозорлар қуриш вақти келмадими ёки бозорларда нима гап?
Аномал совуқ туфайли ҳудудларда аҳолига кундалик эҳтиёж моллари етказилиши имкониятлари камайди, бозорларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархларида сезиларли ўзгаришлар кузатилди.
Ҳар йили куз мавсумида деҳқон бозорлари ва савдо ташкилотлари томонидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг захираси яратилади. Ҳозирги кунда вилоятимиздаги деҳқон бозорлари захирага жамғарилган маҳсулотларини савдога чиқариш орқали нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли эҳтиёжини қондириш мақсад қилинган.
Вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси маълумотига кўра, 2022-2023 йил қиш-баҳор мавсуми учун (январь-май ойлари) картошка, сабзи, пиёз ва гуруч маҳсулотларидан 3640 тонна захира жамғарилган. 2023 йил 10 январдан ушбу маҳсулотлар белгиланган жадвал асосида вилоятимиздаги 50 та деҳқон бозорида савдога чиқарилмоқда.
Самарқанд шаҳридаги бозорларда ҳам яратилган захира ҳисобидан нарх-наво барқарорлиги таъминланмоқда.
«Темирйўл деҳқон бозори»да 80 тонна картошка, 40 тонна сабзи захираси яратилган. Қолган маҳсулотлар уюшма захирасидан келтирилиб, бозордан 20-30 фоизгача арзон нархда савдога чиқарилмоқда. Бозор маъмурияти байрам ярмаркасига келган фермерлар билан ҳамкорликни давом эттириб, кунига 2 тоннагача гўшт келтириб, килограмини 60 минг сўмдан сотмоқда.
«Мармар деҳқон бозори»да захира белгиланмаган экан, бозорда сотувчию харидор ҳам бармоқ билан саноқли. Қолаверса, бозорнинг барча кириш йўллари вақтида қордан тозаланмагани боис йўлакларда музламалар ҳосил бўлган. Расталарнинг совуқлиги ва кечаси маҳсулотни жойлаш учун хоналар йўқлигидан савдодаги маҳсулотлар музлаб, сифати яроқсиз ҳолга келган.
- Бозорда 222 та савдо нуқтаси мавжуд, лекин бир неча йилдан буён бу ерга харидорлар келиши камайган, - дейди «Мармар деҳқон бозори» МЧЖ раиси Ҳотам Жўраев. – Фақат байрам ярмаркалари пайтида бироз харидорлар кўпайди, кейин яна аввалги ҳолат. Йил бошидан буён сотувчилар ҳам йўқ эди, бугун бир нечта сотувчи келди. Ободонлаштириш бошқармаси ва бозор ходимлари биргаликда атрофни музламалардан тозалашди, ички ҳудудга қум ва туз сепдик, лекин бозор чуқурликда бўлганлиги учун эриган сув бозор ичида яна музлама ҳосил қиляпти.
Аномал совуқ ҳар йили кузатилмайди, лекин қиш ҳар йили келади. Одамлар супермаркетдан кўра бозорлардан танлаб, тортишиб харид қилишни хуш кўришади. Шундай экан Самарқандда ҳам пойтахтдаги сингари ёпиқ, бозорлар қуриш пайти келгандир. Ёки ёз фасли келиб бу кунлар унут бўлишини кутамизми?
Ўктам Худойбeрдиев,
Бахтиёр Мустанов.