Ёшлар кимдан ибрат олсин?

Яқинда ижтимоий тармоқларда талаба қизнинг катта ёшдаги кишиларнинг “Ёшлар қаёққа қараб кетяпти?” деган даъволарига нисбатан билдирган фикрларини ўқиб қолдим.

“Ёшлар қаёққа қараб кетяпти, дейиш ўрнига, катталарнинг қаерда тургани билан қизиқиб кўрдингизми?” деб ёзади у ва жамиятда учрайдиган турли иллатлар, нохуш ҳолатларга кўпроқ катталар сабабчи бўлаётгани, айрим соҳалар ходимларининг қонунга зид ҳаракатларини қайд этади.

Талаба қиз санаган эътирозларнинг аксарияти ўринли. Тўғри-да, ҳаммамиз “қуш инида кўрганини қилади”, “ёшлар ёш ниҳол, қандай парваришласак, шундай ўсади” деймиз. Айтамиз-у кўп ҳолларда айтаётганларимизга ўзимиз амал қилмаймиз. Ўзимиз хато қилаётганимизни била туриб, бу ишни фарзандимиз, бошқалар такрорламаслигини истаймиз.   Баъзида ота-оналардан “биз нима бўлсак бўлди энди, болаларимиз бундай қилмаслиги керак” деган гапни эшитамиз. Лекин бу ҳақда ўз болаларига айтадиган хато ва камчиликларини тан олиб, уни такрорламаслик учун фарзандига тўғри йўл кўрсатадиган ота-оналар кам. Фақат кўнгилда шундай ўй кечади ёки бошқа давраларда, зарур бўлмаган пайтларда айтилади бу гаплар.

Энди ўйлаб кўринг, оилада муҳит шундай бўлса, жамиятдаги ҳолат қанақа? Идора, ташкилот ёки муассаса раҳбари, ёши улуғ кишилар “бизнинг бўлганимиз бўлди, энди бизнинг изимиздан келаётган ёшлар тўғри ишласин, адолатли бўлсин, фақат қонунга амал қилсин” дермикан. Айтди ҳам, дейлик. Лекин ўзлари шу ақидага таяниб ишламаса, уларнинг изидан бораётган ёшлар ўзгарармикан, ўзгартириш оғир бўлмасмикан?

– Сиз ўзимизнинг яқин одам бўлганингиз учун айтаяпман, бошлиғимизнинг бизга айтадиган гапи бошқа-ю қилаётган иши бошқа, – деб қолди тумандаги ташкилотда ишлайдиган ходимлардан бири. – Биласиз, бир неча йил “йиқилиб” тўрт йил деганда ўқишга кирганман. Ота-онам қийналиб бўлса-да, контракт асосида ўқитишди. Ўқиш пайтида ҳам айрим домлаларнинг адолатсизлигига, тамагирлигига гувоҳ бўлганман. Билимимга яраша баҳо қўйинг, деб улар билан курашиб ўқидим. Ўқишни битирсам, ҳалол-пок ишлайман, бировдан тама қилмайман, дер эдим. Шундай ниятда ишга кирдим, ишладим.

Лекин баъзида бошлиғимизнинг бизга буюраётган ишлари, берган топшириқларини бажариш учун виждонга қарши бориш керак ёки бировнинг “бурнини қонатиш” керак. Эътироз билдирсам, “хоҳласанг шу, хоҳламасанг ишдан кет”, деб пўписа қилади. Энг ёмони, бошқалар ана шундай иш услубига кўниб, аллақачон шу қолипга тушиб ишлаяпти. Улар орасида мен каби ёш ходимларнинг борлигига ачинаман. Ана шу ишлардан куйиниб, ёши каттароқ ҳамкасбимизга дардимни айтсам, “нима қиламиз, раҳбар қаерга бошласа, ўша томонга юришга мажбурмиз, ука” дейди. Барибир бўлмади, бунақа ишлашдан кўра, ишламаганим яхши деб, ишдан кетдим...

Яқинда ўша ташкилот раҳбари ишдан олинибди. Лекин бунгача у нечта ёш ходимнинг шу идорадан, давлат хизматидан кўнгли совишига сабабчи бўлди экан-а.

Кўпинча, хорижга бориб келганлар ёки чет элда ўқиганлар ўша давлат тузуми, халқи ҳаёти ҳақида гапирганда биринчи навбатда, мамлакатдаги қатъий тартиб-интизом, жамиятда қонун устуворлиги, раҳбарларнинг оддий ва самимийлиги, очиқ фаолият олиб бориши ҳақида гапиришади. Бугун биздаги ҳаракатлар ҳам шунга қаратилган. Давлат ва жамият ҳаётидаги очиқлик, ҳар бир масалада халқ фикри билан ҳисоблашилаётгани, бунда аввало ёшлар фикри инобатга олинаётгани эътиборли. Лекин бу янгиланиш, янгича тафаккур ва ҳаёт тарзини аввало ҳар бир оиладан, меҳнат жамоасидан бошламас эканмиз, барча ҳаракатлар натижасиз бўлиб қолаверади.

Ғолиб ҲАСАНОВ.