Ёшлар ўз ҳудудидаги барча спорт майдонларидан фойдаланиши мумкин
Ўтган ҳафта Zarnews.uz сайти орқали "Маҳаллангизда фарзандингиз спортнинг бирор тури билан шуғулланадими? Бунинг учун қандай шароит бор?" саволлари асосида ижтимоий сўров ўтказган эдик.
Сўров якунлари юзасидан вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев шундай изоҳ берди:
– Вилоятимизда тадбиркорлар томонидан қурилган 300 дан ортиқ сунъий қопламали футбол майдонлари мавжуд. Уларнинг ҳар бири маълум бир вақтда маҳалла болалари учун бепул хизмат кўрсатиши белгиланган. Таълим муассасалари ҳудудидаги тадбиркор томонидан бунёд этилган стадионлардан фақат дарс вақтида беминнат фойдаланиш мумкин. Дарсдан ташқари вақтларда эса бу майдонларда пуллик хизматлар жорий этилган.
Сўровда кўпчилик маҳалламизда бирорта ҳам спорт секцияси йўқ, деб белгилаган. Аммо вилоятимиз бўйича 5 минг 555 та очиқ ва ёпиқ спорт иншоотлари бор. Ушбу спорт иншоотларидаги тўгаракларга ҳам аъзо бўлиш мумкин.
Айни кунларда вилоят бўйича бешта ихтисослаштирилган, 21 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, Самарқанд ва Тойлоқ ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати, вилоят болалар ва ўсмирлар футбол академияси, "Динамо+" профессионал футбол клуби тасарруфидаги махсус футбол мактаби мавжуд. Бу иншоотларда 13 мингга яқин спорт тўгараклари фаолият юритмоқда.