Ўқитувчилар замон талаблари даражасида дарс ўтишга ҳаракат қилмоқда
Ўтган ҳафта Zarnews.uz сайти орқали кейинги йилларда халқ таълими тизимида мактаб салоҳиятини кучайтириш чоралари кўриляпти. Бу нарса ўқитувчи обрўси ва маҳоратини ошишига таъсир қиляптими? , деган савол асосида сўров ўтказган эдик.
Сўровда қатнашганларнинг 29 фоиз ҳа, бу сезилмоқда, деган жавобни белгилаган. 41 фоиз кузатувчи йўқ, ўқитувчилар эскича ишлашга ўрганиб қолган, деган хулосага келган, 20 фоизи ота-оналарнинг ўқитувчига муносабати ўзгармаяпти, деб ҳисоблайди. Шунингдек, 10 фоиз қатнашчи ўқитувчи маҳорати ошишидан манфаатдор эмаслигини билдирган.
Мазкур сўров натижалари юзасидан вилоят халқ таълими бошқармасининг таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бўлими бошлиғи Ғайрат Бобохоловнинг фикрлари билан қизиқдик:
– Файласуф Гётенинг “Ўртача ўқитувчи баён қилади, яхши ўқитувчи тушунтиради, машҳур ўқитувчи намойиш қилади, буюк ўқитувчи руҳлантиради”, деган сўзларини бугун ҳар бир ўқитувчи кундалик шиорига айлантириши керак, – дейди Ғ.Бобохолов. – Ва, албатта, шу шиор асосида ҳаракат қилса, кўзланган мақсадга эришади. Бугун ўқитувчиларнинг жамиятда обрўйини ошириш мақсадида уларнинг ойлик иш ҳақи кўтарилди, улардан ортиқча ҳужжат талаб қилинмайдиган бўлди, энг асосийси, ўқитувчилар мажбурий меҳнатдан озод этилди.
Шундай экан, бундай имконият ва ишончга биноан ўқитувчилардан ҳам катта меҳнат талаб қилинади. Масалан, ўқитувчи юксак даражада билимли бўлибгина қолмай, кишилар билан яхши муомала қила оладиган, вазмин, ўзининг хулқи билан ибратли инсон бўлиши лозим. Тўғри, кўплаб педагог-ходимлар талаб даражасида маҳоратга эга бўлмаслиги мумкин, бироқ уларнинг аксарияти янгиликка, замон талаблари даражасида ўқувчиларга сабоқ беришга ҳаракат қилмоқда.