Юртимизда коронавируснинг олдини олиш учун айрим тадбирлар бекор қилинди
Вазирлар Маҳкамасида Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати портали хабар берди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “2020 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” 2020 йил 3 мартдаги қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, байрам “Наврўзинг – янги кун, янги давронинг муборак, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ҳолда юқори савияда, халқ сайли кўринишида ташкил этилади.
Жойларда кўчма савдо дўконлари, ҳунармандчилик кўргазмалари, китоб расталари, баҳорий таом сотиладиган очиқ ошхоналар ташкил этилади, миллий чорпоялар, сўрилар ва хонтахталар жойлаштирилади.
Боғларда, очиқ майдонларда дорбозлар, полвонлар, масхарабозлар, қўғирчоқбозларнинг томошалари, қушлар кўргазмаси, варрак учириш, арқон тортиш, арғимчоқ учиш каби халқ ўйинлари мусобақалари ташкил этилади.
Сайл давомида мамлакатимизда истиқомат қиладиган турли миллат вакилларининг бадиий чиқишлари, фольклор-этнографик гуруҳларнинг концертлари ҳам ўтказилади.
Наврўз умумхалқ байрами олдидан хайрия ҳашари ўтказилиши анъанага айланган. Йиғилишда жорий йилнинг 14-15 март кунлари “Обод юрт” умумхалқ ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хайрия ҳашарини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва юқори савияда ўтказиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Асосий байрам тадбирлари ва халқ сайллари ўтказиладиган жойларда янги турдаги COVID-19 коронавирусининг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш мақсадида тегишли профилактик чоралар кўрилади, тиббий назорат кучайтирилади. Шу билан бирга, мазкур юқумли инфекция инобатга олиниб, хавфсизлик нуқтаи назаридан бир қатор маҳаллий ва халқаро даражадаги, чет эллик меҳмонлар иштирокидаги тадбирлар бекор қилинмоқда.
Хусусан, байрам арафасида Тошкент шаҳрида ўтадиган Наврўз марафони, Хива шаҳрида 31 март 1 апрель кунлари ташкил этиладиган “2020 йилда Хива шаҳри туркий дунё маданияти пойтахти” тадбирининг расмий очилиш маросими ҳамда “Бухоро шаҳри – Ислом олами маданияти пойтахти”, деб эълон қилиниши муносабати билан 14-16 апрель кунлари ўтказиладиган тадбирлар бекор қилинди.
Мажлисда Наврўз умумхалқ байрами билан боғлиқ тадбирларни ташкил этиш ва юқори савияда, тинч-осойишта ўтишини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан Маданият, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Мудофаа вазирликларининг ҳисоботи тингланди.