Замонавий қурилмалар алоқа сифатини яхшилайди
Самарқанд халқаро туризм маркази меҳмонлар-у сайёҳлар кўп келадиган масканига айланиб боряпти.
Замонавий марказда жойлашган Конгресс-Холл, 8 та йирик меҳмонхона, шунингдек, “Боқий шаҳар” ва бошқа масканларни юқори сифатли телефон алоқаси ва интернет тармоғи билан таъминлаш мақсадида катта ишлар амалга оширилмоқда.
Рақамли технологиялар вазирлиги Самарқанд вилояти ҳудудий шуъбаси томонидан журналистлар учун ташкил этилган пресс-турда ҳам мазкур ҳудудда юқори мобиль алоқани ташкил этиш, база станцияларини қуриш ва сифатли алоқани таъминловчи антенналарини ишга тушириш борасида қилинаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Бугун вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида ўрнатилган "Ўзбектелеком"нинг “Uzmobile”, “Ucell”, “Beelinе”, “Perfektum”, “UMC” каби алоқа компанияларининг 1700 та антеннасида 7 мингга яқин алоқа база станциялари фаолият олиб бормоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида яна 80 та худди шундай станциялар ўрнатилиб, алоқа сифати яхшилангач, вилоятимизда мобиль алоқадан фаол фойдаланувчилар сони 1,8 миллион нафарга етди.
- “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси дастурига асосан аҳоли пунктларининг интернетга уланиш даражасини ошириш, шу жумладан, бунинг ҳисобига кенг полосали уланиш портларини кўпайтириш, оптик толали алоқа линияларини ўтказиш ва уяли алоқа тармоқларини ривожлантириш мақсадида туризм марказида 5G рақамли алоқа доирасини кенгайтириш устида иш олиб боряпмиз, - дейди вилоят ҳудудий шуъбаси бошлиғи Дилмурод Хўжамбердиев. – Ҳозирда меҳмонхоналарга “Аdаs” тизимлари ўрнатилган бўлиб, фойдаланувчиларга юқори сифатли мобиль алоқа ҳамда қулай интернет тақдим этилмоқда. Шунингдек, шу ердан туриб дунёнинг исталган мамлакатига 5G тармоғидан фойдаланган ҳолда телефон орқали гаплашиш мумкин.
Марказда ҳар бирининг баландлиги 35 метрдан бўлган 4 та антенна мачтаси ўрнатилган бўлиб, уларнинг ҳар бирида мавжуд алоқа компанияларининг база станциялари жойлашган.
Журналистлар марказдаги меҳмонхоналарда бўлиб, замонавий қурилмаларнинг ўрнатилиши ва алоқа сифати билан ҳам танишдилар.
- Сўнгги йилларда қурилаётган кўп қаватли уйларнинг сони ошиб бормоқда, - дейди “Uzmobile” компанияси мутахассиси Нурбек Омонов. – Уларнинг деворлари қалин бўлиб анъанавий усуллардан фойдаланган ҳолда уяли алоқа билан қопланиши муаммо бўлмоқда. Замонавий “Аdаs” қурилмалари эса бинолар ичига ўрнатилади, иншоотнинг девори қанчалик қалин бўлмасин, алоқа боғлаш мумкин. Бир вақтнинг ўзида минг нафардан зиёд абонент фойдаланиши мумкин.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.