"Зарафшон" мухбири саволларига Самарқанд вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи жавоб берди (Лекин ҳаммасига эмас)

- “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунга асосан тинчлик даврида оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида муддатли ҳарбий хизматга, шунингдек, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган, саломатлигига кўра Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўташга яроқли эркак фуқаролар чақирилади, - дейди Самарқанд вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи Фарҳод Алимходжаев. - Мазкур қонунда умумтаълим мактабларида, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган чақирилувчилар, шунингдек, олий таълим муассасаларида кундузги ўқишда таҳсил олаётган талабалар ўқишни давом эттиришлари учун уларнинг чақирилиш муддати ўқишни тамомлагунига қадар кечиктирилиши белгиланган. Муддатли ҳарбий хизматга ўрта, ўрта махсус ва олий маълумотга эга фуқаролар чақирилади.

Чақирилувчиларнинг муддатли ҳарбий хизматга, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш туман, шаҳар чақирув комиссиясининг қарори асосида уларнинг оилавий шароитига, саломатлигига кўра амалга оширилади.

- Демак, муддатли ёки сафарбарлик резервига ҳарбий хизматга олинишида йигитнинг саломатлиги ва оилавий шароити аҳамиятга эга. Шундай экан, муддатли ҳарбий хизматга саралаш ва танлаш жараёнида ота-оналар ёки чақирилувчиларда эътирозларга ўрин қолдирмаслик учун қандай ишлар амалга оширилди?

- Муддатли ҳарбий хизматга саралаш ва танлаш ишлари “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 апрелдаги “Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида ташкил қилинмоқда.

Туман, шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда ҳар бир ҳудуддаги коллеж ва мактаблардан муддатли ҳарбий хизматга танлаб олишда чақирилувчилар билан ўтказиладиган касбий танлов ва якка тартибдаги суҳбат учун бино ва хоналар ажратилди. Чақирилувчилар билан касбий танлов ўтказиш хоналари 25 та компьютер, етарли миқдордаги мебеллар ва кузатув камералари билан жиҳозланган.

Жараёнга мактаб ва коллеж ўқитувчилари жалб этилди. Шаффофлик ва очиқликни таъминлаш мақсадида чақирилувчиларнинг ота-оналарига ўтказилаётган танлов тадбирларини тўғридан-тўғри кузатиб бориш имконияти яратилди. Бунинг учун ажратилган алоҳида хонада ўрнатилган катта экранли мониторга кузатув камералари орқали ичкаридаги жараёнлар узатилди.

Танлов кенгаши томонидан ўтказилган якка тартибдаги суҳбат жараёни, яъни чақирилувчиларнинг Ўзбекистон тарихи, Темур тузуклари ва бошқа улуғ аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятига доир билимларини аниқлаш танлов комиссияси вакиллари билан биргаликда видеокамералар билан жиҳозланган хоналарда ташкил этилди.

- Ўтган йилда муддатли ҳарбий хизматга саралашнинг янги тартиби жорий қилинди. Аммо одамлар жараёнда ҳамон мудофаа ишлари тизими ходимлари мавқеи катта, деган фикрда.

- Янгича тартибга кўра, муддатли ҳарбий хизматга саралаш ва танлашни амалга ошириш учун туман ва шаҳар мудофаа ишлари бўлимларида бутлаш комиссияси, вилоят миқёсида раҳбарият кенгаши тузилди. Бутлаш ва раҳбарият кенгаши аъзолигига Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимлари жалб этилди. Улар саралаш ва танлов ишларида тўлиқ қатнашди.

Илгари вилоят тиббий комиссиясида соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан ажратилган врачлар чақирилувчиларнинг соғлиқ даражасини аниқлаб берарди. Энди ҳарбий тиббий комиссиялар тузилди, бу ишда соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ажратилган врачлар билан бирга ҳарбий госпитал врачлари иштирок этади.

- Жорий йилда муддатли ҳарбий хизматга чақирув карантин эълон қилинганлиги сабабли тўхтатилганди. Аммо кутилмаганда 9 июнь куни бир гуруҳ чақирилувчилар муддатли ҳарбий хизматга кузатилди.

Айтинг-чи, жараён нима учун жамоатчиликдан сир тутилди? Ҳали ҳам бу ҳақдаги маълумотлар ошкор қилинмади.

- Аслида бу ерда ҳеч қандай сир бўлиши мумкин эмас. Чунки мамлакатимизда коронавирус инфекцияси COVID-19 тарқалиши муносабати билан жорий йилнинг 16 мартидан карантин эълон қилинди. Шу боис, Мудофаа вазирининг буйруғига асосан жорий йил 20 мартдан муддатли ҳарбий хизматга чақирув тадбирлари вақтинчалик тўхтатилди.

Мудофаа вазирининг навбатдаги - 19 майда чиқарилган буйруғида муддатли ҳарбий хизматга чақирув тадбирлари 1 июндан 15 июлга қадар ўтказилиши белгиланди. Шу асосда вилоятимизда чақирилувчилар дастлаб COVID-19 инфекцияси учун тест топширди. Тест натижалари ижобий чиққан барча чақирилувчилар 2020 йил 9 июнь куни бир йўла кичик мутахассислар тайёрлаш марказида ювинтириб, кийинтирилди. Улар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда байрам ва кузатиш тадбирлари ўтказилмасдан муддатли ҳарбий хизматга юборилди.

- Муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар орасида жорий йилда ҳам танловдан норози бўлганлар борми?

- Жорий йил март ойидан ҳозирги кунга қадар 9 нафар чақирилувчи муддатли ҳарбий хизматга бориш масаласида ариза билан мурожаат қилган. Аксарият чақирилувчиларнинг соғлиғига кўра 1 йилга даволаниши учун муддатли ҳарбий хизматга чақирилиши кечиктирилганлиги тушунтирилган. Мурожаатларда билдирилган важларнинг биронтаси ҳам исботини топмаган.

Ёқубжон МАРҚАЕВ суҳбатлашди.

Таҳририятдан: Бошқарма бошлиғи қуйидаги бир қатор саволларимизни жавобсиз қолдирди:

* Жорий йилда хизматга яроқли, деб топилган йигитларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатида 2019 йил ёки ундан олдинги даврдагилардан қандай фарқли жиҳатлари бор?

* Ўзгаришлар ижобий бўлса, бу қайси омиллар билан боғлиқ деб ўйлайсиз? Салбий бўлса, бу ҳақда тегишли чора-тадбирларни кўриш учун қайсидир тизим ёки бирор бир масъул шахсларга мурожаат қилганмисиз?

* Чақирилувчиларнинг интеллектуал салоҳияти ҳақида нима дея оласиз?

* Ёшларни чақириққа қадар тайёрлаш борасидаги ишлар бугун аксарият жойларда қониқарсиз аҳволда. Бунда албатта, мактаблардаги моддий-техник база етарли эмаслиги ҳам муҳим рол ўйнайди. Лекин тизимда ижобий ўзгариш қилиш вилоят мудофаа ишлари бошқармаси фаоллигига ҳам боғлиқ. Негаки, шаҳар, туман маҳаллий бюджетидан зарур маблағ ажратилиши учун айнан соҳа мутасаддилари жон куйдириши талаб этилади. Шундай эмасми?

* Ёшларни чақириққа қадар бошланғич тайёргарлиги бўйича умумий ўрта таълим мактаблари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қилинаётган ишлар қайси туман ёки шаҳарда бошқаларга намуна бўла олади?