@zarafshonbot‘га мурожаат: Булунғурдаги шифокорлардан миннатдорман. Аммо шифохона шароитидан эмас...
Сурункали бронхитим қўзғаб, тобим қочди. Ўтиб кетар, деган ўйдаги бепарволигим аҳволимни жиддийлаштирди. 18 июль куни тез ёрдам чақиришга тўғри келди. Менда ҳолсизлик, нафас етишмовчилиги кузатилаётганди. Икки соатда етиб келган тез тиббий ёрдам “Анальгин”, “Димедрол”, “Дексаметазон”дан укол қилиб, шу бугун СЭСга бориб тест топширишим зарурлигини тайинлаб кетди. Зудлик билан СЭСга борсак иш вақти тугаб, фақат навбатчи лаборант бор экан. У менга душанба куни тез тиббий ёрдам билан келиб тест топширишим кераклигини айтди.
Нафас хуружларини минг азобда ўтказиб, эртаси куни юришга, гапиришга ҳолим қолмаганда Самарқанд шаҳридаги “Бионур” клиникасида кўкрак қафасимни мультиспираль томография қилишди. Томография хулосасига кўра, ўпкаларда кенгайган мультифокал ўзгаришлар, вирусли пневмониянинг юқори хавфи ташхиси қўйилди.
Яқинларим Булунғур тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига олиб борди. Кечаси билан, ҳамшира Муқаддас Ҳайдарова, санитар ходими Гулноз Мамаражабова ухламай беморлар ҳолидан хабар олиб чиқди. Тўғри, улар ҳам мени Соvid-19 га шубҳа қилишаётганидан хабари бор эди. Бу ҳақда хабар топган кундузги смена тиббиёт ходимлари айюҳаннос солди. Кимдир бола-чақаси борлигини айтиб йиғлади, кимдир ёши катталиги, мабодо касалликни юқтириб олса, енга олмаслигини айтиб, опамга ёпишди. Даҳанаки жанглар шундоққина мен ётган палата тагида бўлди. Опам уларга менинг сурункали бронхитим, аллергик астмам борлигини, ўша пайтда аҳволим ўта оғир бўлганлиги, бундан ёмон касаллар ҳам бу ерда даволангани, ҳеч ким шу пайтгача касал юқтирмаганини тушунтиришга уринар, лекин ҳеч ким тушунишни истамасди. Бош шифокор ўринбосари қатъий оҳангда: “Ҳар бирингизнинг қўлингизда ҳарбий билет бор. Тасаввур қилинг, бутун дунёда бамисоли биологик уруш кетяпти. Биз ҳарбий сифатида бу кўзга кўринмас ёв билан курашишга мажбурмиз. Ким жанг қилмайман деса, марҳамат, аризасини ёзсин ва уйига кетаверсин. Беморнинг аҳволи жиддий. Шунинг учун ўзига келгунча қарашимиз шарт” дегач, овозлар тинди.
Палата дезинфекцияланди, эшик тутқичларига спиртли докалар қўйилди ва эшиклар тақа-тақ ёпилди. Кетма-кет нафас хуружларидан жоним кўзимга кўриниб, бир аҳволда ётибман. Ёнимдаги ҳамхонам 80 ёшларни қаршилаган онахон қулоқлари оғирлиги сабаб, жанжаллардан, гумонлардан бехабар ётибди. Унинг олдига кириб, дори-дармонларини қуйишади-ю, дарҳол ортга қайтишади. Нафас ололмай тўлғонишларимга чидолмаган онахон ёнидаги столни муштлайди, болам, қарасаларинг-чи, дея бақиради. Врачлар кириб қисқа савол-жавоб қилишди:
- Иситма қилдингизми?
- Йўқ.
- Танангиз, мушакларингизда оғриқ борми?
- Йўқ.
- Ичингиз ўтмаяптими?
- Йўқ.
- Уйдагиларингиз карантинга олинганми?
- Йўқ.
- Нима безовта қиляпти?
- Нафас олишга қийналяпман, ҳаво етмаяпти, - ҳолсиз шивирладим.
Ниҳоят, соат 16:00 ларда мени юқумли касалликлар бўлимига олиб ўтишди. Қизиғи, бу ердагиларнинг келишимдан хабари йўқ экан. Яна машмаша бошланди. Ниҳоят, бош врач Л.Махрамов аралашуви билан бўлимга олиндим. Жонлантириш бўлимидаги тиббиёт ходимларининг муносабатларидан юрагим зирқиллаганча палатага кириб келдим. Бу ерда шифокор Орифжон Бердиназаров бошчилигида икки нафар ҳамшира, фаррош ва санитар ходим навбатчилик қилаётган экан. Шифокор дарҳол аҳволим билан танишиб, кислородга улади. Енгил тортдим. Ҳамширалар тинимсиз ҳолимни сўраб туришди. Иссиқ кунда қалин кийинган, кўзойнак ортидан меҳр билан тикилган бу кўзларга қандай миннатдорлик билдиришни билмадим.
Эртаси куни бироз ўзимга келдим. Муолажаларимни қилаётган ҳамшира Раънони гапга тутдим:
- Сизлар ҳам оширилган ойлик оляпсизларми?
- Йўқ, опа, фақат 6 фоизли устама беришяпти.
- Нега талаб қилмайсизлар?
- Қўйинг, опа, керакмас, беришмаса ҳам майли. Фақат шу пандемия эртароқ тугаб, биронта ҳам одам касал бўлмаса бўлди, - дейди чин дилдан.
- Ҳожатхонадаги иккита унитаз ҳам, водопровод ҳам ишламас экан, у ердаги бочкаларни қандай тўлдирасизлар?
- Опажон, пастдан челаклаб ташиймиз, - деди.
- Келган куним сизларни ҳам қийнаб қўйдим. Тонг отгунча на мен, на сизлар мижжа қоқдингиз. Бундай узлуксиз меҳнатдан толиқиб қолмаяпсизларми?
- Ўша куни тонгга бориб нафас олишингиз яхшиланиб, хуружлар камайгач, палатангиздан чиқдиму, роса йиғладим. Хаёлимда сизга қўшилиб мен ҳам енгил нафас ола бошлагандай бўлдим. Қизлар ҳам тонггача сиздан хавотирланиб, худодан шифо сўраб чиқишди.
Ҳамширанинг гапларидан кўзимга ёш қалқди.
- Раъно, 14 кун, бир кунда 24 соат ишдасиз. Ҳамширалар учун дам оладиган хона борми?
- Йўқ, дам олиш хонаси йўқ.
- Унда қаерда ухлайсизлар?
- Ҳозирча бўш палаталар борку, муаммо йўқ, опа.
Қизиқ, салкам 5 ойдан буён мамлакатимиз пандемия ҳолатида, шифохонанинг ҳожатхонаси ва сув масаласини ҳал қилиш мутасаддилар учун катта муаммо бўлмаса керак. Наҳот, шу муаммони бартараф этиш қийин бўлса?
Нафас олишим қийинлаша бошлагач, шифокор ва ҳамшира қайта уринишлардан сўнг кислород балонни ишга туширишди ва айбдор оҳангда: “Опажон, балонимизнинг редуктори йўқ экан. Сизниям куттириб қўйдик. Аҳволингиз яхшими?” деди меҳрибонлик билан.
Куннинг иккинчи ярмида дарвозанинг қаттиқ тақиллашидан сергак тортдим. Секин деразадан пастдаги ҳолатни кузатдим. Ҳамширалар бир-бирини чорлаганча чопиб қолди. Дарвозани очган шифокорга тез ёрдам ходимлари беморнинг аҳволи оғирлигини тушунтиришди. Сўнгра қалин комбензонлардаги ҳамширалар бемор мустақил ҳаракатлана олмаётганини айтиб, касалхона эшигигача замбилда кўтариб келишди. Яхшиям бемор кичик жуссали жувон экан. Замбилни бир амаллаб кўтариб чиқишди.
XXI аср - ривожланган технологиялар даврида яшаётганлигимизни бонг уриб айтамиз, бироқ пандемия шароитида тез тиббий ёрдам машиналари ва карантин ҳудудлари замонавий техника воситалари билан таъминланмаганини қандай тушуниш мумкин? Қанийди, мутасадди ташкилотлар бу борада озроқ эътиборли бўлса...
Навбатдаги хуруждан энтикиб ўтирсам, телефоним жиринглади. Бегона рақам. Кўтардим. “Опажон, ассалому алайкум, аҳволларингиз яхшими, яхши бўлиб қолдингизми? Ҳайрон бўлманг, мени танимайсиз, опангиз орқали сиздан хабар топдим. Исмим Шерзод, фамилиям Шодмонов. Шифокорман. Ҳозир бевосита жараёнларда иштирок этаётганлигим боис сиз билан телефон орқали боғланиб, тезроқ соғайишингизга ҳиссамни қўшсам дейман”, деди. У бир қанча тавсияларни бергач, “Опажон, келинг энди нафас машқларини қиламиз. Тўғри, бошда бироз қийналасиз, кейин яхши бўлади. Қилолмайман, деманг, ҳаракат қилиб кўрайлик. Ётиб қолсангиз касаллик сизни енгиб қўйиши мумкин. Ўрнингиздан туриб, машқларни бажарсангиз касаллик чекинади”, деди.
Қийинчилик билан бошланган машқлар самарасини тезда кўрсатди. Назаримда, хуружлар ҳам анча камайди. Кимлигидан қатъи назар, ёрдамга шай шундай шифокорлар борлигидан бошим кўкка етди.
Ҳолимни сўраб палатага кирган шифокор Орифжонга:
- Ука, тест жавобидан дарак борми? Бугун тўртинчи кун. Шубҳалар ҳам қийнаб қўяркан, - дедим.
- Йўқ ҳали, 21 июлда топширган беморларимизнинг ҳам тест жавоблари келгани йўқ. Қанийди, шу тест тизими тезлаштирилса, даволаш жараёнида кўп жиҳатдан фойдаси бўларди, - деди.
Бемор сифатида шифокорларнинг хизматидан миннатдорман, аммо шифохона шароити замон талабига жавоб бермайди. Қачон, Булунғур тумани тиббиёт бирлашмасининг юқумлик касалликлар бўлимида замонавий шарт-шароитлар яратилади?
Нигора УРОЛОВА,
журналист.
Таҳририятдан: Айни пайтда мурожаатчи Булунғур тумани тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимида даволанмоқда. У жонкуяр тиббиёт ходимлари - Орифжон Бердиназаров, Шерзод Шодмонов, ҳамширалар - Раъно Қобилова, Гулнора Холназарова, кичик тиббиёт ходимлари - Дилором Хотамова, Мақсуда Раббимқулова, Лайло Жаббороваларга миннатдорчилик билдириб, шифохонадаги бир қатор камчиликларни тилга олган. Мутасадди раҳбарлар шифохонадаги муаммоларга эътибор қаратади ва натижаси ҳақида бизга маълум қилади, деган умиддамиз.