“Зармитан”, “Заркент” ёки олтин кони мўъжизаси

2009 йилнинг баҳори. Мурунтовдаги ўша машҳур тилла завод - 2-сонли Гидрометаллургия заводига ижодий сафардамиз. Йўлтанламас машинада 4 кишимиз. Эгри тоғ йўлининг навбатдаги баландлигидан пастга тушишимиз билан тилла завод бутун салобатини намоён этди. Гўё қаршингда ясаб бўлмас улкан кема…

Экилмаган дон унмайди

- Завод собиқ иттифоқ даврида қурилган. Энди бундай заводларни қуриш имконсиз, - деди бизга ҳамроҳлик қилаётган масъуллардан бири.

- Нега? Ахир “Шўртан газ-кимё мажмуаси”ни қурдик-ку, - дедим масъулнинг хулосасига энсам қотиб.

Ўша куни энг яхши репортажимни тайёрладим. Ўша куни энг кўп ҳайратландим. Ўша куни илк бор “кема”нинг палубасида бўлдим. Ўша куни “кема” бошқарувидаги ўзбек йигит ва қизларимиз ҳали кўплаб мўъжиза яратишига имон келтирдим.

Адашмабман. Экилмаган дон унмайди, дейишади. Ўша “кема”даги ёшлар бугун тажрибали кончилар бўлишди. Комбинатдаги мавжуд илмий салоҳият ва изланишга бўлган иштиёқ сабаб қоракўз кадрларимиз кончилик соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшди, қўшяпти ҳам. Бугун ўша мўъжизалар оғушида тонг оттиряпмиз. Қизилқумдаги ягона бўлган гидрометаллургия заводи сони учтага ошди. Бир замонлар бизга ҳамроҳлик қилган ўша масъул ўз юртига жўнаб кетди. Лекин унинг “Энди бундай заводларни қуриш имконсиз”, деган гапи сафсатага айланди. Бунинг учун уни айбламайман. Чунки, ҳар қандай янгилик эскилик олдида қаршиликка учрайди. Фақат ўша қаршиликни енгишга бўлган ғалаёнли иштиёққина мўъжизалар яратади.

Қўшработдаги мўъжиза

Одатда одамзод икки тоифага бўлинади: яратувчилар ва тиланчилар. Яратувчилар жамият равнақи, халқ фаровонлигига хизмат қиладиган боғми, корхонами, йўлми, хуллас, шунга ўхшаш нимадир яратади. Тиланчилар эса яратилган нарсаларни еб битказади. Шунинг учун ҳам донишманд халқимизда “Эртага ким бўлишимиз танлаган йўлимизга боғлиқ”, деган гап бор.

2010 йили атиги ўн бир ойда қурилиб, фойдаланишга топширилган 4-Гидрометаллургия заводи Навоий кон-металлургия комбинати раҳбар-ходимларининг яратувчанлигидан далолат беради. Бир замонлар Қўшработнинг юмронқозиқлар макон қилган қуруқ даштида улкан завод қад ростлаши чинакам маънода мўъжиза эди.

- 2009 йили ҳозир сиз кўриб турган завод майдонида қурилиш ишлари қизғин эди, - дея ўша даврларни эслайди “Зармитан” кони етакчи муҳандиси Абдуҳамид Қурбонов. - Темир-бетон пойдеворлар қўйилиб, эстакадалар кўтарилган. Улкан автокранлар ўрнатилиб, мураккаб ускуналарни йиғиш бошлаб юборилган. Бош директор Қ.Санақулов бошчилигидаги қурилиш штаби аъзолари тиним билмайди. Барча улкан ғоя – Қўшработ мўъжизасини яратиш билан овора. Атрофни техникаларнинг шовқини ва қурувчиларнинг овози эгаллаган эди. Бугун эса йилига 1,8 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга мазкур корхона кўз ўнгингизда турибди.

Қияликда жойлашган мазкур корхонага илк бор кўзи тушган одамда ўзгача кайфият пайдо бўлади. Миянгизда охири йўқ саволлар ва рудадан олтин ажратиб олиш жараённи ўз кўзингиз билан кўриш иштиёқи ортиб бораверади.

- Бу заводнинг одатдагидек текисликда эмас, аксинча қияликда барпо этилиши, - деди 4-Гидрометаллургия заводи директори Асқар Зокиров, - миллиардлаб маблағ ва вақтнинг иқтисод бўлишига сабаб бўлди. Завод дунёдаги етакчи лицензиар компаниялар - “Metco Minerals” (Финландия), “Krebs” (АҚШ), “Falkon” (Канада) ва “GekkoSystems” (Австралия) технологиялари асосида барпо этилган. Шунингдек, заводни жиҳозлашда Навоий машинасозлик заводида ишлаб чиқарилган жиҳозлардан ҳам кенг фойдаланилган. Масалан, ушбу заводда ишлаб чиқарилган диаметри 28 метр бўлган қуюқлаштиргич 700 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағнинг иқтисод бўлишини таъминлаган. Заводни бундай маҳаллий технологиялар билан жиҳозлаш рудадан олтин ажратиб олишни 93 фоизга ошириб, маҳсулот таннархини 15 фоизга камайтиришга сабаб бўлди.

Корхона ҳудудига кирсангиз ўзингизни боғ қўйнида юргандек ҳис қиласиз. Ҳамма томон озода, саришта, обод. Инсонни бунёдкорликка ундовчи шиорлар! Ишлаб чиқариш жараёнида оддий тош махсус тегирмонлар ёрдамида янчилиб, пайдо қилинган қум зарраларига кимёвий ишлов берилади. Ундан зум ўтмай тилло ёмбиларга айланиб, тайёр маҳсулот пайдо бўлади. Бу ерда йилига 1,8 миллион тонна рудани қайта ишлаш мумкин. Корхонадаги ҳамма жараён мустақиллик билан тенгдош ёки мустақиллик кадрлари томонидан компьютерлар ёрдамида бошқарилади. Ахир буларнинг бари мўъжиза эмасми?!

 

Сув келтирган элда азиз

Заркентликлар 4-Гидрометаллургия заводини қадрлашади. У билан фахрланишади. Чунки, заводнинг қурилиши билан Заркент ўзгача чирой очди.

- Қўшработ туманида кўп йиллар давомида асосий эътибор чорвачилик ва лалмикор деҳқончиликка қаратилганлиги сабабли, - дейди заркентлик отахон Ўктам Эшатов, - халқимиз қалбида бу замин фақат қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган ҳудуд, деган фикр шаклланиб қолганди. Шунинг учун 15-20 йиллар илгари кимдир “Бу ерда яқин келажакда кончилик саноати ҳам ривож топади. Бу ерларда заводлар барпо этилади. Улар ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигига хизмат қилади”, деса кўпчилик ишонмасди. Эндиликда бу гаплар айни ҳақиқатга айланмоқда.

Уларнинг ҳақиқатга айланиши ҳам осон кечаётгани йўқ. Бу натижаларга кейинги беш йил ичида Президентимизнинг саноат соҳасини ривожлантириш борасидаги ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари, Навоий кон-металлургия комбинати раҳбариятининг туманимиз саноатини ҳаётга жорий қилиш билан боғлиқ фидойиликлари туфайли эришилмоқда.

Дарҳақиқат, Заркентда 4-Гидрометаллургия заводи, оддий қилиб айтганда, тилло заводнинг барпо этилиши қақраб ётган адирлар ўрнини яшилликка бурканган боғ-роғлар эгаллади. Биргина ўтган йили “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида Жанубий кон бошқармаси томонидан Заркент шаҳарчаси ҳудудида 6 мингдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ҳамда 2 мингга яқин бўтасимон ўсимлик қаламчалари ўтқазилди.

Шаҳарчада 875 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 4 минг 100 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Йиллар давомида Заркентда уй-жойлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталари, йўл-коммуникация тармоқлари архитектура талаблари асосида қурилмаганлиги маҳалла қиёфасига салбий таъсир кўрсатибгина қолмай, кўпгина муаммоларни ҳам келтириб чиқарарди. Тилла заводда бошланган қурилиш-бунёдкорлик ишлари бу ердаги кўп қаватли уйлар, маҳалланинг ички йўллари, савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида ҳам бошланди.

- Ҳозир бу ерда қилинаётган ишлар ҳар қандай кишини шошириб қўяди, - дейди “Заркент” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нодира Мирзаева. - Аҳоли вакиллари, фаоллар ҳам шаҳарчамизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида фаол қатнашмоқда. Шаҳарчамиз замонавий шаҳар қиёфасига кираётганидан ҳамма хурсанд.

2008 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда ҳукумат ва комбинат раҳбарияти томонидан Заркент шаҳарчасида ишчи-ходимлар ва ҳарбий хизматчилар учун 32 та кўпқаватли уй, 3 та ётоқхона, аквапарк, 200 ўринли “Кончи” маданият уйи, “Ёшлар” спорт мажмуаси ва кафеси, меҳмонхона, 50 ўринли ишчилар ошхонаси, 14-сонли ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми биноси ва шунга ўхшаш бошқа иншоотлар қад ростлади. Шунингдек, 44 та ёш оилага кўпқаватли уй ҳам ўз эгаларига топширилди.

Одамлари кулган уйга бахт келади

- Ўзим Тошкентда яшасам-да, Қўшработда туғилганман, - деди захирадаги подполковник Ёшин Ҳакимов. – Заркентда охирги марта 20 йил аввал бўлгандим. Ўшанда холам тўй қилганди. Ўша пайтлар Заркент кўримсиз бир маскан эди. Уйлар бетартиб қурилган бўлиб, қўрғонда саноқлигина дўкон бўларди. Очиғи, бугунги Заркентни Қўшработ кенгликлари бағридаги ҳақиқий мўъжиза, деса бўлади. Шаҳарчада Навоий кон-металлургия комбинати кўмаги билан ташкил этилган боғни айтмайсизми?! Бу боғда барча ёшдаги одамларнинг ҳордиқ чиқаришлари учун ҳамма имкониятлар яратилган. Шаҳарчада бир томонда мактабгача таълим муассасаси кичик ёшдаги болаларга хизмат қилса, турли ўйингоҳлар ва стадион ёшларнинг севимли масканига айланган. Соя-салқин оромгоҳда катталар ва кексалар дам олади. Савдо расталари, ошхона ва кафелар заркентликлар ҳамда меҳмонлар учун хизмат кўрсатмоқда.

Заркентдаги “мукаммал асар”

Адабиётшуносликда “Мазмун шаклга, шакл эса мазмунга таъсир кўрсатмасдан қўймайди”, деган қоида бор. Яна ҳам соддароқ айтганда, асар ёзилиш услубидаги бойлик унинг мазмунан пухталигидан далолат беради. Бугун Заркентда юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини бадиий жиҳатдан мукаммал асарга ўхшатасан киши. Чунки, яхши асардан бош кўтаргинг келмагани сингари Заркент билан хайрлашиш ҳам осонмас. Халқи бунёдкорликлар, яратувчиликлар, юксак орзулар, мақсадлар билан яшаётган масканда шундай мўъжизакор жараёнларга гувоҳ бўлдик.

 Мансур Ҳусанов.