Зайниддин Жўраев: “Йил охиригача Самарқанддаги 80 фоиз боғча ёшидаги болалар илк таълимга қамраб олинади”
Бугун вилоятда 337 121 нафар боғча ёшдаги болаларнинг 215 643 нафари, яъни 64 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган.
- Олдимизда турган вазифа - мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш орқали қамров кўрсаткичини оширишдир, - дейди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Зайниддин Жўраев. - Бу борада йил охиригача қамровни 80 фоизга етказиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Унга кўра, қуввати 50 ўринли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил қилиш ҳамда бугунги кунда фаолият юритаётган қуввати 25 ўринли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари қувватини 50 ўринга ошириш истагини билдирган якка тартибдаги тадбиркорлар билан битим тузиш ишлари давом этмоқда.
Қамров даражаси паст бўлган Нуробод, Ургут ва Қўшработ туманларининг ҳар бир маҳалласи кесимида жами 144 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш чоралари кўриляпти.
Шу билан бирга, вилоятнинг олис ва чекка ҳудудлар рўйхатига киритилган 25 маҳаллада, жумладан, Каттақўрғон туманининг Бунёдкор ва Жизмонсой, Қўшработ туманининг Тоз, Янги қишлоқ, Ўрта сой, Жонбулоқ, Қўштамғали, Урганжи, Оқчопсой, Минишкор ва Боғожот қишлоқларида, Нуробод туманининг Тепақул, Сарой, Сазоғон, Омондара, Жом, Саҳоба, Жарқудуқ, Булоқбоши, Навбаҳор, Ағрон, Аработа ва Бунёдкор, Пахтачи туманининг Чашма, Пайариқ туманининг Накурт маҳаллаларининг ҳар бир қишлоғида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этиш белгиланди.
2021 йилги Инвестиция дастури доирасида давлат МТТлари мавжуд бўлмаган МФЙлар ҳудудидаги 16 та объектларни реконструкция қилиш ишларига 64,4 миллиард сўм маблағ сарфланиши ҳисобидан қўшимча 1 550 ўринли янги қувват яратилади. Шундан 7 таси давлат боғчалари мавжуд бўлмаган МФЙлар ҳудудида, қолган 9 таси мослаштирилган биноларни реконструкция қилиш ҳисобига ташкил этилади.
Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 196 та бўш гуруҳларни таъмирлаш ҳисобига 5 845 қувват яратилади.
Вилоят ҳокими Э.Турдимов раҳбарлигида 2021 йил 30 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг хизматини жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси белгилаб берилган эди.
Мазкур масалани вилоятнинг барча туманларида ҳам йўлга қўйиш, мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда.
Вилоятдаги мактабгача таълим ташкилоти директорлари, методист-тарбиячилари ҳамда мактабгача таълим бўлимлари методистлари билан “Қандай қилиб таълим сифатини яхшилаймиз?”, “Таълим сифатини ривожланишига тўсқинлик қилаётган иллатлар нималардан иборат?” мавзуларида давра суҳбати йўлга қўйилди.
Давра суҳбатида берилган савол-жавоблар, таклифлар ва талаблардан келиб чиқиб, келгусида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича Самарқанд мактабгача таълим тизими педагог ходимлари учун “Маҳорат мактаби” ташкил этилди.
Ушбу мактаб орқали мактабгача таълим ташкилотларида таълим сифатини ошириш, тажрибали педагогларни “Устоз-шогирд” анъанасига кўра ёшларга бириктириш, янгича ёндашув асосида машғулотлар ўтказиш учун мастер-класслар ўтказиш мақсад қилинган. Ҳар бир жонкуяр, ўз устида ишлайдиган педагог-ходимлар ҳар ойда ойлик устама билан тақдирланади.
Шунингдек, бошқа вилоятларнинг илғор тажрибасини ўрганиш, мактабгача таълим ташкилотлари таълим-тарбия фаолияти билан танишиш мақсадида саёҳатлар ташкил этилиши режалаштирилди.
Мактабгача таълим ташкилотларида қўшимча пуллик хизматни йўлга қўйиш учун ота-оналар билан ҳамкорликни кучайтириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.