Зулфиячи қиз қишлоқдошларига китобхонликдан сабоқ беряпти

Камола Мусурмонова жорий йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. У ушбу мукофот учун танловга ўн йил давомида ҳужжат топширган. Камолани илк бор “Китобхон оила” танловида кўргандим. Ўшанда уларнинг оиласи вилоятда биринчи ўринни эгаллаб, бош соврин – автомашина билан тақдирланганди.

Тўғриси, ўша танловда Мусурмоновлар оиласидаги бу қизнинг иқтидорига нафақат томошабинлар, балки рақиб иштирокчилар ҳам тан беришганди. Камоланинг зукколиги, ўқиган асарларини шунчаки баён эмас, таҳлил қилиб бериши, ҳар бир образга тўхталиб ўтиши, классик шоирларнинг ҳатто санаб ҳам бўлмайдиган даражадаги ғазалларини ёддан айтиши ҳар қандай кишининг ҳайрати ва ҳавасини келтирганди.

Шундай иқтидорли қизнинг мукофот илинжида йиллар давомида ҳужжат топширганидан аввалига бироз ажабландим. Аммо у билан суҳбатлашганим сайин, ўн йилдан бери мукофот учун ариза топшираётган қиз ўзи ўқиган бадиий асарлари қаҳрамонлари каби ўжар, мақсадли, оғир-босиқ, танлаган соҳасининг ҳақиқий шайдоси эканлигини англадим. Аслида унинг мақсад сари интилиши китоб ўқишидан ҳам аввал пайдо бўлган, тўғрироғи шакллантирилган. Бу унинг оиласидаги турмуш тарзига бориб тақалади.

- Болалигимизда отам бизга ҳар ҳафта битта эртак ўқиб бериб, кейин биздан мазмунини айтишимизни талаб қиларди, - дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, Самарқанд давлат университети ўзбек филологияси факультети магистранти Камола Мусурмонова. – Биз бу талабни мажбурликдан эмас, балки қизиқиб, қани ким чиройлироқ айтиб бераркин, дея “имтиҳон” кунини кутиб бажарардик. Бунинг эвазига дадам бизни ҳар уч ойда бир марта шаҳар айлантиришга олиб борар ва албатта, китоб дўконига кириб, китоб танлашимизга имкон берарди. Эҳтимол, шаҳарда яшаётган болалар учун бундай саёҳат завқли бўлмагандир. Аммо Қўшработ тумани марказидан ҳам автомобилда нақд бир соатлик масофа узоқликдаги қишлоқда яшайдиган биз, болалар шаҳардан, китоб дўконидаги харидларимиздан бир олам таассурот билан қайтардик.

Отам ветеринар, онам физика фани ўқитувчиси бўлса-да, адабиётга меҳрлари бўлакча. Отам достонларни худди бахшилардай куйлаб берар, биз эса оила даврасида мароқ билан тинглардик. Адабиётга шу тариқа меҳрим тушган. Кейин бошланғич синф устозим “қизингиз шеър ёзар экан, уни ривожлантириш керак”, деб айтган тавсиясидан сўнг отам туман марказидаги 82-умумтаълим мактабига олиб борди. Болалик тасаввурим билан туман марказидаги бу мактабда Қўшработнинг олис, Пангат қишлоғидан келган қизалоқ қандай ўқийди, энг кучли, билимли болалар жамланган бўлса керак, деган хаёлларда ўз қобиғимга ўралиб қолдим бир муддат. Синфдошларим билан киришиб кетишимга ҳам ана шу тасаввурларим халақит қиларди.

Бир куни мактабдаги она тили ва адабиёт фани ўқитувчимиз дарсдаги жавобимни барчага ўрнак қилиб кўрсатгач, синфдаги ҳаётим ўзгарди, аниқроғи, ўзимга нисбатан ишонч уйғонди. Тўғрисини айтсам, шу устозимнинг ишончи ҳанузгача менга далда бўлиб туради. Мактабда таълим ҳақиқатан ҳам жуда зўр йўлга қўйилганди. Ҳар ойда синфлараро у ёки бу фан доирасида беллашувлар, шеърхонлик, ғазалхонликлар, аниқ билимлар юзасидан викториналар бўлиб турарди. Табиийки, ҳар бир синф бу беллашувларда ғолиб чиқишга ҳаракат қилар, жиддий тайёргарликлар кўрарди. Кўплаб шеър, ғазалларни ёд билишим шу беллашувлар натижаси бўлса керак.

Камола билан китоблар, унга меҳр қўйиш ҳақида соатлаб суҳбат қуриш мумкин. Оиласидаги китобхонлик муҳити, илмий фаолияти йўлидаги изланишлари ҳақида камгап қиз жўшиб гапиради. Аммо ютуқлари ҳақидаги фактларни ундан олиш жуда қийин. Билганимиз – ўзбек филологияси факультети магистрантининг Франция, Польша, Германия, Сербия давлатларида илмий мақолалари чоп этилган, Туркияда ўтказилган конференцияда иштирок этиб, “Мактаб дарсликларида Ватан концепти ва таълими ҳамда таҳлили» мавзусида чиқиш қилган. Инглиз тилини мукаммал билади.

Айни карантин кунларида ҳам Камола бекор ўтиргани йўқ. Унинг муваффақиятлари қўшработлик ёшларнинг китобга қизиқишини ўн карра ошириб, ундан маслаҳат сўраб мурожаат қилувчилар кўпайган. Уйидаги юзлаб китоблардан ташқари 1,5 мингта адабиётни жамлаган электрон кутубхонасидан қўшработлик ёшлар унумли фойдаланишмоқда. Уларга онлайн тарзда китобларни улашиш билан бир қаторда уларни ўқиш бўйича ҳам тавсиялар бермоқда.

Гулруҳ МЎМИНОВА.