Халқаро инглиз тили олимпиадасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди
Самарқанд шаҳридаги 82-мактабда халқаро инглиз тили олимпиадасига саралашнинг иккинчи - ҳудудий босқичи ўтказилди.
Бунда, халқаро инглиз тили олимпиадасига саралашнинг биринчи – туман (шаҳар) босқичи ғолиблари, шунингдек, Президент мактаби ҳамда Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Самарқанд филиалидан 1–4-синф (Junior) ҳамда 5-11-синф (Senior) ўқувчиларидан иборат биттадан жамоа, 192 нафар ўқувчи иштирок этди.
Мазкур босқичда иштирокчилар 7 дақиқа давомида “Сунъий интеллект (IT)” мавзусида саҳна кўринишларини, яъни ўз лойиҳа тақдимотларини намойиш этди. 5-11-синф ўқувчиларидан иборат жамоаларга 3-турда тест топшириқлари тақдим этилди. Иштирокчиларга топшириқларни бажариш учун 90 дақиқа вақт ажратилди.
Халқаро инглиз тили олимпиадасига саралашнинг иккинчи - ҳудудий босқичида жуниор (1-4-синф ўқувчилари) тоифасида Каттақўрғон шаҳрининг 3-мактаб жамоаси 1-ўринни эгаллаб, саралашнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Халқаро инглиз тили олимпиадасига саралашнинг иккинчи - ҳудудий босқичида сениор (5-11-синф ўқувчилари) тоифасида Самарқанд шаҳридаги Президент мактаби жамоаси 1-ўринни эгаллаб, саралашнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.