Алимент тўламай юрган ота 15 кунлик маъмурий қамоққа олинди
Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг суд ҳужжатига асосан 2010 йил 4 октябрдаги қарори билан қарздор Ш.Н.дан фуқаро М.Р фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган, деб хабар бермоқда Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси.
Олдинига тўлаб турган қарздор кейинчалик бутунлай алимент тўловини амалга оширмай қўйган. Натижада қарздорнинг 2016 йилнинг январь ойидан ҳозиргача бўлган алимент тўловларидан юзага келган қарзи 11 миллион 240 минг сўмни ташкил этган. Давлат ижрочиларининг ижро ҳаракатлари давомида қарздордан 3 миллион 938 минг сўм миқдоридаги алимент пуллари ундириб берилган.
Ундирилмай қолган алимент қарзини унинг мол-мулкига қаратиш мақсадида Ш.Н.нинг Пахтачи туманидаги яшаш хонадони кўздан кечирилган ва ундирувга қаратилиши мумкин бўлган 300 минг сўмлик мол-мулклар олиб чиқилган. Қарздорнинг яқин қариндошларидан яна 500 минг сўм алимент пуллари ундирилган.
Бироқ, қарздорнинг ўзи ишлаш мақсадида номаълум томонга чиқиб кетганлиги сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Фуқаро Ш.Н бир неча маротаба расмий равишда огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан қолган 7 миллион 693 минг сўм миқдоридаги алимент қарзини тўлашдан бўйин товлаб келган. Шу сабабли Пахтачи туман маъмурий судининг қарорига асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга асосан 15 кунлик маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиб, суд залидан маъмурий қамоққа олинди.