Истеъмолчиларга узлуксиз электр энергия етказиб бериш ҳажми ошади

Ўзбекистон миллий электр тармоқлари электр станцияларидан энергияни олиб, ҳудудий электр тармоқларига етказиб беради. Шунингдек, қўшни мамлакатлардан электр энергияни сотиб олиб, учинчи давлатга транзитини амалга оширади.

Бугунги кунда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти тасарруфида жами 11 минг 400 километр тармоқлар, 84 та подстанция бор. Республикамизда айрим подстанциялар бутун бир вилоятни электр энергияси билан таъминлайди. Масалан, Хоразм вилоятидаги подстанция бутун вилоятга электр энергияси етказиб беради.

Сунгги йилларда подстанциялар қувватини ошириб бориш режаси ҳаётга жорий қилинмоқда. Чунки уларнинг қуввати оширилмаса, электр энергиясини кўп ишлаб чиқаргани билан унинг юкламасини кўтара олмайди.

Шу боис 2021 йилда бу борада олтита лойиҳа амалга оширилади. Қиймати 101 миллион долларлик ушбу лойиҳалар Осиё тараққиёт банки (14,7 миллион доллар), Жаҳон банки (48,9 миллион доллар) ва Ўзбекистон томонидан (76,5 миллион доллар) молиялаштирилади.

Истеъмолчилар талаби йилдан-йилга ортиб бораётгани боис 14 та ҳудуднинг барчасида подстанцияларни модернизация қилиш кўзда тутилган. Натижада ушбу подстанцияларда 1430 мегаватт қўшимча қувват ҳосил қилинади.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон энергетика тизимлари параллел ишламайди. Ушбу энерго тизимлар паралел ишлашини таъминлаш, экспорт-импорт хажмини ошириш ва энерготизимнинг жанубий қисмида истеъмолчиларга барқарор электр энергияси етказиб бериш учун 500 киловаттли ҳаво электр узатиш тармоқларини ҳалқалаш имкони яратилади.

Шу мақсадда 64 километрлик “500 киловаттли “Ғузор – Регар” ҳаво электр узатиш тармоғини тиклаш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бунга 14 миллион доллардан ортиқроқ маблағ жалб қилинади.

“Беруний” подстанцияси модернизация қилиниши натижасида Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл, Элликқалъа ва Хоразм вилоятининг туташ туманларида электр энергияси таъминоти яхшиланди.

Бухоро вилоятида тўртта трансфарматорни алмаштирамиз. Натижада вилоятнинг Пешкў, Ғиждивон ва шу атрофдаги ҳудудларда электр таъминоти билан боғлиқ муаммо бўлмайди.

Навоий вилоятида “Химия” подстанцияси бор. У вилоят тадбиркорлари эҳтиёжи туфайли бунёд этилган. Бундан ташқари, вилоятда қуёш подстанцияси, Карманада шамол электр станцияси ишга туширилади. Натижада “Химия” подстанцияси электр энергияни Каттақўрғон подстанциясига йўналтиради.

Самарқанддаги “Чўпон ота” подстанциясининг қуввати 200 мега ваттга оширилади. Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов, Зарбдор ва Зомин туманларидаги йирик ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда Жиззах ЭИЗни керакли қувватлар билан таъминлаш лойиҳалари амалга оширилади. Шунингдек, вилоят аҳолиси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини электр энергиясига бўлган талабини қоплаш учун 110 киловатт қувватдаги подстанция 220 киловатт кучланишга ўзгартирилади.

Тошкент шаҳри ва вилояти, Наманган, Фарғона вилоятларида ҳам подстанциялар қувватлари оширилиб, 1 минг 500 мегаваттлик қўшимча қувват ҳосил қилиниши кўзда тутилган. Бу мамлакатимиздаги электр энергия истеъмолининг қарийб ўн фоизи демакдир.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Яккабоғ, Китоб туманларида электр таъминотини яхшилаш, йирик саноат корхоналарини электр энергия билан барқарор таъминлаш борасида ҳам изчил ишлар олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида 110 киловаттли “Азамат” подстанциясини реконструкция қилиш ва 58 километр электр узатиш тармоғини барпо этиш режалаштирилган.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда аҳолини электр энергия билан таъминлаш самарадорлигини ошириш ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлашга хизмат қилади.

Дадажон Исоқулов,

“Ўзбекистон миллий электр

тармоқлари” АЖ раиси