Маҳмудхўжа Беҳбудий Истанбулни машҳур ёзувчилардан кўра аниқ, равшан, содда ва чиройли тасвирлаган

Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида гап борар экан, унинг хориж мамлакатларига саёҳати ва у ердан олган таассуротлари, буни кўпчилик билан баҳам кўриш учун "Саёҳат хотиралари"ни ёзгани алоҳида аҳамиятга эга.

Хусусан, Беҳбудий 1900 ва 1914 йилларда Россия, Кавказ, Туркия, Миср, Саудия Арабистони каби мамлакатларга саёҳат қилади. Унинг иккинчи сафари ҳақида таассуротлари "Ойина" журналининг 1914 йилдаги 31-сонидан 1915 йилги 6-сонигача (18 та сонда) "Саёҳат хотиралари" номи билан эълон қилинган.

Ушбу саёҳатнинг мақсади у Самарқандда ташкил этган “Беҳбудий кутубхонаси” учун ўша мамлакатлардан китобларни олиб келиш эди.

Беҳбудий ўз мақоласида саёҳатнома жанрининг асосий шартларини, яъни бир мамлакат ва у ердаги ҳаёт ҳақида тарихий-географик маълумот бериш кераклигини унутмайди. У 1914 йил 29 май куни Самарқанддан бошланиб, Марв, Ашхобод, Каспий денгизи, Боку, Кавказ тоғлари, Бешдағ, Кисловодск, Железноводск, Ростов, Одесса шаҳарларини ва у ерда кўрган нарсаларини батафсил ва жиддий равишда тасвирлаб беради. Ўша даврдаги Туркистон ва Кавказдаги туркий халқлар ҳаётини Туркия билан қиёслаган ҳолда ўрганиш бугун учун ҳам катта аҳамият касб этади.

Саёҳатноманинг Истанбул ҳақидаги қисмларига эътибор қаратсак. Беҳбудий 1914 йил 7 июнь куни "Чехович" кемаси билан Қора денгиздан Истанбулга жўнаб кетганлигини, йўловчиларнинг аксарияти яҳудий ва рус зиёратчилар эканлигини, улар аввал Ая София, Каърие масжидлари ва Истанбулдаги авлиёлар черковларига ташриф буюришини, кейин яҳудийлар Қуддусни зиёрат қилиш учун юборилишини ёзади. 8 июнда кема Босфор бўғозига етиб боради.

Муаллиф ўша йиллардаги Истанбулни қуйидагича тасвирлайди: «Босфорга кирилгандан кейини икки тарафдаги катта бинолар, ҳарбий қалъалар, тўплар, катта ва кичик ҳарбий кемалар кўринади. Босфорнинг оғзидан Истанбулгача 2 соатлик масофа бор, иккала томонда ҳам шаҳар, қишлоқ ва маҳаллалар мавжуд. Бой, бадавлат одамлар, консулликлар Босфорни ёзги боғлар билан тўлдирганлар. Бир неча йилдан сўнг Истанбул бинолари Босфоргача этиб боради. Ҳозирча бўш ва очиқ жойлар кам. Денгиз узунлигидаги таноб бўш ер нархи 20 сўмдан 300 сўмгача эмиш". Ушбу маълумотлар бугунги тадқиқотлар учун ҳам фойдали бўлиши мумкин.

Қора денгиз томондан қаралганда Истанбулнинг кўриниши Беҳбудий назарида қуйидагича акс этган: «Истанбулнинг буюк саройлари, султоннинг қароргоҳлари, масжидлари ва бошқа бинолари дастлаб кўзга ташланади. Ўртада шаффоф сув. Ҳар икки тарафда бинолар, тарқоқ боғлар, сўнгра ҳамма жойда тоғ-тошлар ва дов-дарахтлар бор. Ер устида оқ мармардан муқаддас масжидларнинг миноралари, сарв дарахтларининг бўйи осмонга ўрлаган. Қисқаси, биз кўз кўриб тўймайдиган манзаранинг ўртасида турибмиз. Кема Истанбулга яқинлашмоқда. Атрофимизда фақат кемалар, қайиқлар. Бир томондан, олтин ҳилол ўрнатилган муқаддас масжидларнинг гумбазлари ва миноралари. Бошқа томонда мармардан қилинган саройлар ва кўшклар. Бир сўз билан айтганда, Истанбулдаги Босфорнинг манзараси фавқулодда латофатлидир, европаликлар ва америкаликлар бу гўзалликни севадилар. Албатта, биз ҳам!..” 

ХХ аср бошидаги Туркистон матбуотидаги бирон бир хабар ёки мақолада Истанбул бу каби аниқ, равшан, содда ва чиройли тасвирланмаган. Бизнингча, Гаспирали ва Беҳбудийнинг саёҳатномаларидаги фарқлардан бири ҳам шудир. Айниқса, Беҳбудийнинг бу хусусдаги ёзувларида Истанбулнинг нафосати, латофати ҳақида бир ошиқ каби ҳайрат ва ҳассосият билан ифода этиш устундир. Фикримизча, бунинг сабаби қуйидагилардадир: Қрим ва Истанбул ораси жуда яқин ва қримликлар Истанбулни туркистончилардан яхшироқ билишади; Гаспирали бу ерда ўнлаб марта бўлган, Беҳбудий эса икки марта келган ва шу сабабли Истанбул таассуротлари даражаси ва унинг ҳайрати жуда юқоридир, шунинг учун Беҳбудий тасвирлари кенг ва синчковлик. Айнан Беҳбудийнинг мақсади Туркияни, Истанбулни туркистонликларга чуқур ва кенг таништиришдир.

Бироқ у бу мақсадига етарлича эриша олмади. Чунки у 8-16 июнь кунлари Истанбулда бўлганлигини ва хотираларини кейинроқ ёзишини айтган бўлса ҳам (“Ойина” журнали, 1914 йил, 40-сон, 957-бет) ўтган 8 кун ичида у нима кўргани ва ким билан суҳбатлашгани мавҳум бўлиб қолмоқда. Бу, шунингдек, тадқиқотчилар учун алоҳида изланиш мавзуси. (Бизнингча, муаллиф мавзу бўйича ўз хотираларини бу ёзувлар рус мустамлакачилик сиёсатига қарши бўлганлиги учунми ёки журналнинг ёпилиш хавфидан чекилибми, нашр эта олмаган).

Беҳбудий 16 июнь куни Истанбулдан Эдирнага саёҳат қилганини, бу 12 соатлик масофа, чиптанинг нархи 10 сўм эканлигини ёзади. Австриялик насронийлар темир йўлни ишлатганига урғу бериб: "Бечора мусулмонлар (Усмонли турклари назарида тутилмоқда) Европада беш юз йилдан бери яшайдилар. Улар Европанинг урф-одатларига, кийим-кечакларига ва ёмон ишларига ўрганиб қолишган, аммо улар билим, таълим ва санъатдан ўз улушларини олишмаган. Ҳамма мусулмонлар бирлашса ҳам бугунги кунгача 1 километр темир йўл қуриш учун илм ва имкониятга эга эмаслар. Аммо биз уларнинг чекиш, ичиш, ахлоқсизлик каби одатларига бор кучимиз билан ёпишиб олганмиз", деб ёзиб, Туркия ва Туркистон ҳаётидаги ушбу ижтимоий камчиликларни англатган. Ушбу жумлаларда биз Беҳбудийнинг саёҳат ёзувларидаги қиёсий таҳлил, фикрларини ихчам, мантиқли ва лўнда хулосалаш хусусиятларини кўришимиз мумкин.

Муаллиф Истанбул-Эдирне йўли бўйидаги туркларнинг боғлари, аскарларга оид тураржойлар, "Туркия давлатининг ўқ фабрикаси", турли иш жойлари, денгиз соҳилидаги қадимий Византия қалъалари ва Истанбулдан Эдирне чегарасигача турк қуролли кучларининг чодирлари тикилганини жуда яхши тасвирлайди. 

Шунингдек, муаллиф Мерич дарёси Зарафшон дарёсидан 7-8 ўн марта кенг эканлигини, аммо тинч оқаётганини ва 70 метр баландликда бир нечта равоқли, ғишт ва мармар деворли кўприклар борлигини батафсил баён қилади. Буларни “Ойина” журнали орқали ўқиган туркистонликлар Туркия манзараларини гўё ўз кўзи билан кўргандай завқ ва тушунча олиб, уларда олисдаги қардошларига нисбатан ҳавас ва ғурур уйғонган. Ушбу ҳол муаллифнинг маҳорати, асарининг эса ўзига хос хусусиятини ифодалайди.

Гаспиралининг саёҳат китобида Болқон урушлари ҳақида бир ёки иккита жумла бор. Беҳбудийда эса Турк-Булғор уруши фожиалари билан батафсил баён этилган. У ўзи муҳаррирлик қилган “Самарқанд” газетасида Болқон урушлари тўғрисида ҳар доим янгиликлар ва мақолалар чоп этиб борган эди. Шу сабабли, у бу эерда ҳам мавзуга жуда жиддий ёндашади. Баъзи мисолларда кўриб чиқайлик: “Истанбулдан Эдирнегача ва унинг чегарасига қадар ҳар томон ҳарбий чодирларга тўлган. Баъзи офицерлар ибодат қиладилар, баъзилари иш билан юрибдилар. Биз Ҳадимкўй ва Чаталжа орқали ўтдик. Эдирнега икки соатлик йўл бор. Черков бўлиш хавфидан омон қолган Селимие масжидининг миноралари кўриниб турибди. Болгарлар томонидан ёқиб юборилган қишлоқлар ва ибодатхоналарнинг култепалари ҳамма жойда кўзга ташланади”.

Беҳбудийнинг ёзишича, болгарларни мағлубиятга учратгандан сўнг улардан ўлжа олинган 20 та тўп Истанбулнинг Гулхана паркига қўйилган. Урушдан олдин Эдирнада 100 минг киши яшаган, ҳозирда 40 минг киши қолган; болгарлар бу ердаги юнон ва яҳудийларга ҳам жабр қилишган. Юнонларнинг бир нечтасини ўтин каби бир-бирига боғлаб, Мерич дарёсига ташлаб ўлдирганлар. Улар мусулмонларни (туркларни) қудуқларга тириклайин ташлаб юборишган. 

Болгарлар кучсизлиги сабабли Эдирнани ололмайдилар, уларга ёрдам учун 20 минг серб аскарлари келади. Турк аскарлари очликдан дарахтларнинг қобиғини ейишган - мен буни ўз кўзларим билан кўрдим, деб ёзган Беҳбудий Эдирненинг болгарларга берилиши ҳақида ҳам ҳикоя қилади. Истанбулда Комил Пошшо парламентни йиғиб, туркларнинг кучсизлигини назарда тутган ҳолда ва Европанинг маслаҳатига кўра, Эдирнени болгарларга беришга қарор қилганлигини билдиради. Бу ачинарли ва ифлос воқеадан кейин юз берган қувончли ва ёрқин воқеани эслаб "Анварбей тўрт кунлик йўлнин бир кунда босиб келиб, Эдирнени болгарлардан қайтариб олди", деб таъкидлайди. Россиянинг мустамлакаси бўлган Туркистонда яшаб, ҳар доим славянлар ва болгарларнинг тарафдори бўлган чор Россияси маъмуриятидан қўрқмасдан, ўз журналининг саҳифаларида бундай даҳшатли ҳақиқатларни нашр этиш, бизнингча, катта жасоратдир.

Беҳбудий Дамашққа кетишда 20 июнь куни Истанбулга келганини ва бу ерда бир кун турганини, Гулханий боғида Исмоил Гаспирали билан учрашганини, кейин у жойлашган Шаҳин меҳмонхонасида 7 соат суҳбатлашганини қистириб ўтади. Маълум бўлишича, касал бўлган Гаспирали бу ерга даволаниш учун келган. Муаллиф Туркистондаги вазият ҳақида суҳбатлар бўлганини ёзади, афсуски, китобда икки буюк инсоннинг 7 соатлик машварати хусусида икки бетлик хотирадан бошқа ҳеч нарса йўқ.

Ушбу саёҳатномада Беҳбудийнинг миллий қарашларини бемалол англаш мумкин. У бир неча саҳифада Болқон урушларидаги туркиялик аскарларнинг фидокорлигини ифода этар экан, у жанг майдонидаги юзлаб чинорлар ва бошқа дарахтларнинг пўстлоғини оч аскарлар еб ҳаётда қолганини, шундай ёвқурлик билан ҳар бир қарич ер учун курашганини ва жон берганлигини таъкидлайди. "Мана, XX асрнинг маданияти ва миллатпарварлиги. Агар бу бўлмаса ва фидокорликлар қилинмаса миллатлар ва динлар йўқ бўлиб кетади", дейди у кўрганлари ва фикрларига якун ясаб. Шунингдек, "Турклар энди кўзларини очишди. Улар кафанини бўйнига осиб, ўлимни бўйнига олиб ҳаракат қилмоқдалар. Дарҳақиқат, Эдирне Истанбулнинг, Туркия давлатининг бош дарвозаси ва устунидир", деб ёзади.

Беҳбудийда “Саёҳат хотиралари"даги Истанбул ва Босфор бўғози бўлими ҳам мавзуни тарихий ва географик жиҳатдан қамраб олиш жиҳатидан жуда қизиқ. Муаллифнинг сўзларига кўра, Босфорнинг шарқидан Осиё, ғарбидан эса Европа қитъаси бошланади. Босфор уларни ҳам ажратиб ва бирлаштириб туради; Босфорнинг Қора денгиздан Истанбулгача бўлган узунлиги 30 километр, энг тор жойи 550 метр, энг чуқур жойи 52 метр, энг саёз қисми 27 метр. Юз йилча муқаддам бутун Қора денгиз соҳиллари Туркиянинг тасарруфида эди, бепарволик туфайли ҳозирда Россия, Туркия, Руминия, Болгария каби давлатлар соҳил давлатларига айланди. Муаллиф бу жараённи деталлари билан батафсил тасвирлайди. Бундан ташқари, Босфорнинг ўнг ва чап томонларида қайси шаҳарлар, қишлоқлар ва қалъалар жойлашганлиги аниқ кўрсатилган. Бу ерда шуни эслатиб ўтишимиз керакки, бундай хусусиятлар саёҳатнома жанридаги катта қийматга эга хусусиятлардир.

Муаллиф ўтмишда Султон Йилдирим Боязид Хон Босфорни ҳимоя қилиш учун Осиё ёқасида Анадолу ҳисорини, тўпхонасини ва қалъасини қурганини, Европа томонида эса Истанбул фотиҳи Султон Меҳмет Хоннинг Румели ҳисорини, тўпхонасини ва қалъасини барпо этганини таъкидлар экан, бугунларда рус ҳарбий кемалари Истанбулга таҳдид солаётганини айтади. Беҳбудийнинг таъкидлашича, Истанбул ва Боğазлар шимолдан руслар ва жанубдан инглизлар ва французлар ҳужумига дучор бўладими ёки йўқми, "аҳоли бунинг натижасини кўради". Бироқ муаллиф илгари "Истанбул хотиралари кейинроқ ёзилади" деб таъкидлаган бўлса-да, афсуски, саёҳатноманинг кейинги қисмида Истанбул билан боғлиқ бошқа қайдлар учрамайди.

Тоҳир Қаҳҳор,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факултети доценти.