Маънавият ва маърифат маркази раӽбари ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш муҳим ва кечиктириб бўлмас вазифалигини эслатди

Ёшлар тўғрисида гап кетганда, ёшларнинг айрим ҳатти-ҳаракатларини муҳокама қилганимизда бехосдан ўзимизнинг ёшлигимизни эслаймиз, таққослашга тушамиз. Ҳар бир давр ёшларининг ўзига хос шўхликлари, “бебошлик”лари бор, албатта.
Шу кунларда Самарқанд шаҳрида юз берган, ниқоб кийган ёшнинг трамвайга кириб тенгқурларининг юзига номаълум суюқлик сепиб, пранк қилмоқчи бўлгани, натижада трамвайдаги бошқа йўловчилар қўрқувдан трамвайдан ташқарига қочиб чиққанлари акс этган видео ёзув ва унинг тафсилотлари ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Бир томондан қараганда, бу оддий ҳазилга, замонавий қилиб айтганда, пранкка ўхшайди дейиш мумкин. Лекин “ҳазилнинг таги зил” бўлмаслиги учун ўйлаб иш қилиш керак фикримизча.
Биринчидан, қўрқувга тушган йўловчилар трамвайдан отилиб чиқаётганини видеода кўриш мумкин. Агар, йўлда бирор бир автомобиль катта тезлик билан ҳаракатланиб келаётган бўлса, ёки қарама-қарши томондан трамвай ҳаракатланаётган бўлса, транспорт воситасини кескин тўхтата олмаслиги туфайли йўловчиларни уриб юбориши мумкин.
Иккинчидан, трамвайдан ҳар хил ёшдаги ва ҳолатдаги йўловчилар фойдаланадилар, шу жумладан, ёш болалар, ҳомиладорлар, беморлар, қариялар ва бошқалар. Кучли қўрқув натижасида беморнинг ҳолати ёмонлашиши, қарияларда юрак хасталигининг зўрайиши, ҳомиладорларда ҳомилага салбий таъсир етиши, болаларда эса психик ўзгаришлар кузатилиши каби хунук ҳолатлар ҳам юз бериши мумкин.
Битта болаларча ҳазил ёки пранк ортидан турли нохуш ҳолатлар келиб чиқиши мумкин. Буни ҳаётимизда кўплаб учратаяпмиз, гувоҳи бўлаяпмиз. Ноодатий селфи оламан деб жароҳат олган, ёки ҳаётига зомин бўлган кўплаб мисоллар бор.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ вояга етмаганлар тарбияси учун биринчи навбатда ота-она масъул. Хўш, бу ёшларнинг ота-онаси болалар кун давомида нима билан машғул, нима билан яшаётганидан хабардорми? Ўз фарзандларини кундалик назорат қилиб борадиларми? “Қуш уясида кўрганини қилади” деган нақл бор халқимизда. Бу вояга етмаганларнинг уйларида ҳам ҳар хил пранклар уюштириб туриладими?
Пранк иштирокчиларининг барчаси мактаб ўқувчилари эканини эътиборга олиб, мактабда ҳам пранклар уюштириб туриладими деган савол келади хаёлимизга. Ҳозир таътил даврику, дейиши мумкин болаларнинг ўқитувчилари. Лекин болаларнинг дарсларни ўзлаштириши, мактабдаги хулқ-атвори ҳам савол остида қолади.
Мамлакатимизда мавжуд маҳалла институти дунёнинг бирорта мамлакатида такрорланмайди деб бонг урамиз. Маҳалла тажрибаси чет элликлар томонидан ўрганилаяпти деб мақтанишни яхши кўрамиз. Шу ва шу каби ҳолатларни содир этиб юрган ёшларимиз ҳам маҳаллада истиқомат қилишадику ахир. Уларга маҳалла керакли тарбияни бера олмаяптими? “Оила – мактаб – маҳалла” концепцияси амалда борми ёки фақат қоғоздами?
Юқоридаги фикрлар билан кимнидир айблашдин йироқмиз. Фақатгина ҳурматли ота-оналарни, таълим муассасалари мутасаддиларини, маҳалла ходимлари ва фаолларини, ёшларни, умуман, бутун жамоатчиликни ҳушёрликка ва огоҳликка чақирмоқчимиз. Ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш муҳим ва кечиктириб бўлмас вазифалигини яна бир марта эслатмоқчимиз холос!
Ўткур УСМОНОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарканд вилоят бўлими рахбари.