Мутахассислар бонг уради: Гаджетлар болалар борлиғини эгаллаб олмоқда
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (БССТ) мутахассислари болалар электрон узаткичлар экрани қаршисида ҳаддан ташқари кўп вақтини ўтказаётгани, бу уларнинг соғлиғига жиддий путур етказаётгани ҳақида бонг урмоқда, деб ёзади “Мир новостей” (2019 й. 19-сон) ҳафтаномасида Елена Казанцева.
Мутахассислар болаларнинг ақл-ҳушини ўғирлаётган бу “эрмак”ни чеклаш лозимлигини таъкидлашди. Сал кечикиб таҳликага тушиб қолмадикмикан? Эҳтимол, ҳаётимизга мустаҳкам кириб келган технологиялар ва жисмоний юкланишлар ўртасида хатарсиз мақбул ечимни топиб, унга амал қилган маъқулдир? Ҳар ҳолда ХХI асрда яшаяпмиз.
БССТ экспертлари электрон гаджетлар болаларни фойдали машғулотдан чалғитиб, соғлом ривожланишига халақит беради, деб ҳисоблайдилар ва жисмоний фаоллик билан боғлиқ ўйинларни қайтаришга чақиришади. БССТ 5 ёшгача бўлган болаларнинг экран қаршисида ўтиришини кунига бир соат қилиб чеклашни тавсия қилади. Агар шундай қилинмаса, болаликдан кам ҳаракатланиш ва экран қаршисида узоқ ўтириш соғлиқда жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.
Жисмоний фаоллик етишмовчилиги жаҳонда ҳар йили 5 миллиондан зиёд кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда. Хуллас, бир жойда михланиб узоқ ўтириш соғлиқни яхшиламайди. БССТ ходими доктор Фиони хоним Буллнинг айтишича, боланинг компьютер, телевизор, смартфон ва ноутбук олдида ўтириши қисқартирилса, унинг руҳий ва жисмоний саломатлиги яхшиланади, кейинги улғайиш ёшида семириш билан боғлиқ касалликларнинг олди олинади.
БССТ ота-оналар учун боланинг ёшига қараб ўз тавсияларини қуйидагича тақсимлади:
Бир ёшдан кичик болалар кунига камида 30 минут эмаклаши, бу ҳаракат бир соатда бир маротаба билан чекланмаслиги лозим. Гаджет экрани олдида бўлиши бундан мустасно. Ёшига қараб кунига 12-17 соат ухлаши шарт.
1-2 ёшдаги болалар суткада жисмоний фаол ҳолатда камида уч соат бўлиши, бир соатда бир маротаба ҳаракатланиш билан чекланмаслиги зарур. Икки ёшга тўлганлар экран қаршисида суткада бир соатдан зиёд ўтирмаслиги, 11-14 соат ухлаш лозим.
3-4 ёшдаги болалар бир суткада уч соатдан кам бўлмаган ҳолда жисмоний фаол бўлиш ва камида бир соат жисмоний юкланиш оширилган ҳолда мушғулот билан шуғулланиши керак, гаджет экрани олдида бир суткада бир соатдан кўп ўтирмаслиги, суткада 10-13 соат ухлашлари тавсия этилади.
Таниқли болалар врачи Евгений Комаровский эса ота-оналарни болаларга 12 ёшгача умуман мобиль электрон қурилмалардан фойдаланишни тақиқлашга чақиради.
Тавсия бериш осон, албатта. Назарий жиҳатдан улар ажойиб ва инкор қилиб бўлмайди. Ҳаракатсиз тургандан кўра ҳаракатланиш болалар учун мақбуллигини ҳамма яхши билади: рақсга тушиш, югуриш, ҳаракатли ўйинлар билан машғул бўлиш, расм чизиш смартфон олдида киприк қоқмай қотиб ўтиришдан яхши. Аммо бола ғайриоддий электрон ўйинчоқ ва қизиқарли мультиклардан ҳам ижобий ҳиссиёт туяди. Болаликда бундай кўнгилхушликдан мустақил равишда воз кечиш қийин, негаки ўзини назорат қилиш функцияси ҳали заиф бўлади.
Хўш, ҳар бир бола қўлида интернетга чиқадиган ҳар хил электрон қурилмалар мавжуд бўлганда БССТ тавсиясига қандай амал қилса бўлади?
Болани электрон оламдан муҳофаза қилиш учун овлоқ ўрмонга кетиш ва ҳамма гаджетларни чиқиндихонага улоқтириш керакми?
- Интернетдаги ўйинлар ва ахборотлар қизиқиш, иштиёқ, ҳаяжон уйғотади бу меъёрий дозада фойдали, - дейди руҳшунос Наталья Обердерфер. – Аммо билиб қўйиш керак, бу эҳтирос уйғониши уйқудан олдин ўта зарарли. Болани мажбуран дўқ-пўписа, жеркиш билан кўнгилхушликдан маҳрум қилиш ундан-да зарарли. Уни уйқудан олдин яхши гап, бошқа ўйинчоқлар билан чалғитиб экран олдидан “узиб” олиш лозим.
Шуни унутмаслик керакки, ахборот ва билим ҳамиша яшашда муҳим восита ва ресурс бўлиб келган. Ким кўп билса, ҳаётда қийналмайди. Аммо бунинг учун болаликдан электрон қурилмалар “қули”га айланмаслик керак. Жонли мулоқот, ўқиш, доимо фаол ҳаракатда бўлиш орқали ҳам кўп нарсани ўрганса, билса бўлади.
Бола экран қаршисида яшашга одатланса, унинг мушаклари тораяди, кўриш қобилияти сусаяди, паришонхотир бўлиб қолади, ёнидагиларнинг гапи қулоғига кирмайди, ўзга хаёлот оламида кезиб юради. Кўриб турса-да, атрофида бўлаётган воқеа, ҳодисани англамайди. Ота-оналар болаларни гаджетлардан маҳрум қилиб эмас, мақбул фойдаланиш йўлини топиб, фарзандларини тенгдошлари билан фаол мулоқотда бўлиш, жисмоний меҳнат, спорт билан шуғулланишлари учун вақт ажратиб, назорат ўрнатишлари керак, дейди мутахасссислар.
Т.Шомуродов таржимаси.