Самарқандда сайлов участкалари жараёнга шай. Эртага транспорт масаласида муаммо бўлмайди

Халқаро матбуот маркази Самарқанд вилоят бўлимида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берилди.

Унда дастлаб вилоят сайлов комиссияси раиси ўринбосари Р.Йўлдошев сайловларни юқори савияда ўтказиш учун зарур шароитлар яратилганини маълум қилди. 

Хусусан, Сайлов кодекси талабларига асосан шаҳар ва туманларда 1052 та сайлов участкаси ташкил этилди. Сайлов комиссиялари аъзолари ҳуқуқий маданиятини ошириш, сайлов қонунчилигидаги янги нормалар билан таништириш мақсадида қатор семинарлар ўтказилди. Бугунги кунда барча сайлов участкалари овоз беришни юқори ташкилий даражада ўтказиш учун тайёр.

Вилоят кенгаши депутатлигига 60 та округга 5 та партиянинг ҳар биридан номзодлар рўйхатга олинди. Депутатликка номзодлардан 6 нафари ўз хоҳишига кўра номзодликдан воз кечган.

Матбуот анжуманида, шунингдек, Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси бўлим бошлиғи Эргаш Муродов сайловчиларга транспорт хизмати кўрсатишда қулайлик яратиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берди.

Таъкидланишича, вилоятдаги 1052 та сайлов участкаларига 1 тадан навбатчи автомашиналар биркитирилган. Туман ва шаҳарларидаги сайлов участкаларидан 2 километрдан олис узоқ масофада жойлашган 222 та аҳоли пунктларига 245 та, шу жумладан 116 автобус, 14 та микроавтобус, 115 та "Дамас" русумли автомашиналар сайловчиларни сайлов участкаларига олиб бориш учун биркитирилган.

Шунингдек, Э.Муродов вилоят транспорт бошқармаси томонидан шаҳар ва туманлардаги участкаларга бир нафардан ходим бириктирилганини маълум қилди.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

Халқаро матбуот маркази вилоят бўлими.