Спортчиларга спорт паспорти энди давлат хизматлари орқали берилади

Спорт паспорти ягона намунадаги ҳужжат бўлиб, у спортчининг бирор бир жисмоний тарбия ва спорт ташкилотига мансублигини ҳамда унинг спорт малакасини тасдиқлайди.

2015 йил 4 сентябрда қабул қилинган “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, мамлакатимизда спортчиларнинг спорт паспорти жорий этилган. Шу пайтга қадар спорт паспортини бериш, юритиш, алмаштириш, ҳисобга олиш ягона тизимининг амал қилиш тартибини белгилаб бериш “Спорт паспорти тўғрисида”ги низомга асосан амалга оширилган.

- Низомга кўра, спорт паспортини расмийлаштириш, бериш ва ҳисобини юритиш Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузиридаги “Рақамлаштириш ва сертификатлаш маркази” давлат унитар корхонаси зиммасида эди, - дейди вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси бўлим бошлиғи Аҳрор Шамсиев. – Шу асосда спорчилар спорт паспортини олиш учун ҳужжатларни республикага олиб борар, 150 минг сўм тўлов қилиб, бир неча кунлаб кутар эди. Жорий йил 24 июлда Вазирлар Маҳкамасининг “Спортчиларга спорт паспортини бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан спортчиларга спорт паспорти давлат хизматлари орқали берилиши йўлга қўйилди ва жараён соддалашди.

Ҳукумат қарорига кўра, спорт паспорти иккинчи ўсмирлар спорт разрядидан паст бўлмаган разрядга эга бўлган, тегишли спорт тури билан мунтазам равишда шуғулланиб келаётган ва спорт мусобақаларида доимий равишда иштирок этувчи спортчига берилади.

Давлат хизмати давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали ваколатли орган (Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги) томонидан кўрсатилади. Аризалар исталган давлат химзматлари маркази орқали тақдим этилади ва ариза берувчидан БҲМнинг 1/6 қисми (55 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади. Бунда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслардан йиғим миқдорининг 50 фоизи ундирилади. Спорт паспортини олиш учун берилган аризани кўриб чиқиш муддати  7 кунни ташкил этади.

16 ёшга тўлмаган спортчилар спорт паспортини олиш учун уларнинг ота-онаси ёки қонуний вакили томонидан мурожаат қилинади.