Хоразмнинг самарқандлик ўғлонидан мактуб келди
Истеъдодли ижодкор, 1970 йил Самарқанд вилояти Қўшработ туманида таваллуд топган Беги Дўст (Бекмурод Усмонов) мамлакатимиз мустақиллигнинг 28 йиллигига бағишланган “Энг улуғ, энг азиз” республика танловининг Хоразм вилояти босқичида “”Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари” номинацияси ғолиби бўлибди.
Бекмурод Усмонов 1995 йилдан буён Хоразмда яшаб, айни дамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Хоразм вилояти қўриқлаш бошқармаси 1-алоҳида батальонида хизмат қилаётган экан.
Дастлаб у шеърларини шунчаки машғулот тутгандир-да, деган хаёлга бордик. Аммо унинг яқинда чоп эттирган “Самарқанд қонимдадир, Хоразм жонимдадир”, “Жалолиддин жасорати қонимизда” деб номланган шеърий китоблари билан танишиб, ижод маҳсуллари ҳавас учун ёзилмагани, Самарқанду Хоразмни юракдан куйлаётган шоир қаламига мансуб шеърий тўпламларининг китоб жавонимизга безак бўлиши мумкинлигига шубҳамиз қолмади.
Ушбу тўпламлар воҳа зиёлиларининг ҳам эътиборига тушибди. Бу Урганч шаҳридаги ёшлар марказида ўтказилган тақдимотда билдирилган фикр-мулоҳазаларда билиниб турибди.
Хоразмлик китобсеварлар эътироф этганидек, тўпламдан ўрин олган Ватан ҳақидаги шеърлар, хусусан, “Озод юрт ўғлонлари” сарлавҳали балладасида она-юрт туйғуси шунчаки оддий эмаслиги, унинг алоҳида юки борлиги маҳорат билан ифодаланган:
“Жавбосар” қирлари тушларимга зеб,
Зирқирар тошлари қолдирган чандиқ.
Узоқда юрибман ишларимни деб,
Ўртайди чанқоғим қондирган ариқ.
“Соритол” сояси бошимга пана,
“Қари ҳайат” ўйнаб улғайган сойим.
Тоғлар этагида бир туп дўлана
Унган тупроқ менинг туғилган жойим.
Беги ДЎСТ.