Бошқудуқда Наврўз сайли
Баҳор нафаси уфуриб турган айни кунларда табиатнинг гўзаллиги инсонлар қалбидаги шукроналик туйғуси билан уйғунлашмоқда. Юртдошларимиз фаслга хос жонланиш, янгиланиш ҳиссини туяётир. Ушбу кайфият Нуробод туманининг Бошқудуқ қишлоғида ўтказилган Наврўз сайлида ўз аксини топди.
Эрта тонгдан болажонлар, кекса-ю ёш қишлоқнинг сайил майдонига йиғилди. Дастурхонга миллий таомлар тортилди, бир томонда миллий кураш мусобақалари қизғин тус олди. Болажонлар ўйин атракционларидан завқ олган бўлса, онахонлар ўлан ва лапарлар куйлаб, миллий анъаналаримизнинг бетакрор жозибасини намоён этишди. Отахонлар ёшларга миллий қадриятларимиз ҳақида сўзлаб бериб, юртимиз тинчлиги, фуқароларнинг осойишта, фаровон турмуши эътирофини дуоларига кўчирди.
Айниқса, кураш мусобақаси сайлга келганлар учун ўзгача руҳ бағишлади. Раҳимберди Рустамов, Эшмурод Авғонов, Қосим Қодиров, Элёр Ражабов каби маҳалла оқсоқоллари спортга эътибор юксалган жамият соғлом бўлиши, илм-фан, маънавият ва маърифат қаторида спорт ҳам шахснинг жисмоний баркамоллигига хизмат қилишини таъкидлашди. Айниқса, кураш спорти миллий қадриятларимиз ҳимоячиси бўлиб, ўзида миллий ғурур, ифтихор туйғуларини мустаҳкамлашни таъминлайди.
Кураш мусобақасини томоша қилган бошқудуқликлар юртимизда алп полвонлар камол топаётгани, Наврўз сайли - шунчаки байрам сифатида эмас, халқнинг бирлиги, қадриятларга садоқати ва тинч ҳаётга бўлган шукроналигининг ёрқин ифодаси эканлигига амин бўлдилар.