Блогерлар танлови Низоми

Самарқанд вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими ҳамда вилоят “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти “Самарқанднинг туристик салоҳияти блогерлар нигоҳида” мавзусидаги мақолалар танловига Ўзбекистондаги барча блогерларни таклиф этади.

 

  1. Блогерлар танловида кимлар иштирок эта олади? 

1.1. Блогерлар танловида интернет тармоғида ўзининг саҳифаси (блог, веб-сайт), Telegram'даги шахсий канали, ижтимоий тармоқларда саҳифалари бўлган Ўзбекистон фуқаролари, шу билан бирга, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи, аммо фуқаролиги бўлмаган шахслар қатнашиши мумкин.

1.2. Танловда матн шаклидаги постлар қабул қилинади.

1.3. Танловда иштирок этаётган блогерларнинг фикрлари шахсий характерга эга бўлиб, унинг тўғрилиги учун фақат муаллифнинг ўзи жавобгар бўлади. Ташкилотчиларнинг фикри блогер ва ўқувчилар фикридан фарқ қилиши мумкин.

  1. Танловнинг мақсад ва вазифалари 

2.1. Лойиҳанинг мақсади – мамлакатимизда фаолият юритаётган интернет фойдаланувчилари орасида профессионал блог юритиш кўникмаларини юксалтириш ҳамда Самарқанднинг туристик салоҳиятини намойиш этиш, юртимиз тарихи, маданияти, ўзига хос анъаналарини тарғиб этиш.

2.2. Лойиҳанинг вазифалари – ўзбек тилида блог юритувчи блогерларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳамда интернет тармоғида фойдали ресурсларни янада бойитишга ҳисса қўшиш.

2.3. Блогерлар танловининг молиявий таъминоти ва ташкилий тадбирлари Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти томонидан амалга оширилади. 

  1. Танловни ўтказиш тартиби

3.1. Танловга 2019 йилнинг 20 январидан 20 мартигача ёзилган блогпостлар тақдим этилиши мумкин.

3.2. Блогпостлар 2019 йилнинг 20 март соат 23.59 гача қабул қилинади. Ушбу муддатдан кечиккан иштирокчиларнинг блогпостлари танловга қабул қилинмайди.

  1. Блогпостга қўйилган талаблар

4.1. Блогпостлар матн кўринишда бўлиши лозим. Блогпост ҳажми чекланмаган.

4.2. Блогпост танлов мавзуси бўйича ёзилиши лозим. Уларнинг сони чекланмаган. Камида учта блогпост ёзган муаллиф бошқаларга нисбатан устунликка эга бўлади.

  1. Ижодий ишларни баҳолаш тартиби 

5.1. Танловга келиб тушган ижодий ишларни ташкилотчилар томонидан тайинланган ва малакали мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб боради. Ҳакамлар ҳайъати блогпост ҳақида Интернет тармоғида фойдаланувчилар томонидан билдирилган фикрларни инобатга олиши мумкин.

Ҳакамлар танловга тақдим этилган ижодий ишларни 5 баллик тизимда баҳолашади. 

  1. Мукофотлар

 6.1. Энг яхши деб топилган блогпостларнинг уч нафар муаллифи қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Шунингдек, ўз оригиналлиги билан ажралиб турган ижодий ишлар муаллифлари ҳам тақдирланади.

  1. Танлов якуни

7.1. Танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими Наврўз умумхалқ байрами кунлари бўлиб ўтади. Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан бўлган ғолиб ва совриндорлар Самарқандга ташкилотчилар ҳисобидан таклиф этилади.  

  1. Якуний қоидалар

 8.1. Блогерлар танловига келиб тушган ижодий ишларни бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш, чоп этиш учун танлов ташкилотчисининг розилигини олиш шарт.

8.2. Зарурият туғилганда ташкилотчилар томонидан танлов низомига ўзгартириш киритилиши мумкин.

8.3. Танлов давомида юзага келган ва ечими ушбу низомда назарда тутилмаган муаммоли вазиятлар ташкилотчилар томонидан ҳал қилинади.