Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кўксаройдаги қотилликка ким сабабчи?

Шу йилнинг 28 март куни соат тахминан 13:00 ларда Самарқанд шаҳар Кўксарой маҳалласида қотиллик жинояти рўй берди.

Бу мудҳиш жиноятни икки нафар фарзанднинг онаси, 1960 йилда туғилган, вақтинча ишсиз И.Попова содир этади. У таниши, 1949 йилда туғилган Н.Ерёминанинг хонадонида биргаликда тушлик қилиб ўтириб, ўрталарида келиб чиққан ўзаро келишмовчилик оқибатида унинг бошига темир чойнак билан уриб, сўнгра бўғиб ўлдиради.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан И.Поповага нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

29 март куни ушбу жиноят Кўксарой маҳалласи аҳолиси ва шаҳар жамоатчилиги иштирокида муҳокама этилди.

Унда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, вилоят прокурори ва ички ишлар бошқармаси бошлиғи иштирок этди.

Вилояти ҳокими жиноят юзага келиши сабаб бўлган омилларга тўхталиб, бу аввало, маҳалла аҳолисининг бепарволиги, фуқаролар йиғини раиси ва ходимларининг, профилактика инспекторининг ўз вазифасига масъулият билан қарамагани оқибати эканлигини таъкидлади.

– Жиноят содир бўлган хонадонни бориб кўриб, шунга амин бўлдикки, у ерда анчадан буён мана шундай мудҳиш оқибат рўй беришига олиб келувчи муҳит бўлган, – деди Э.Турдимов. – Лекин бунга қарши на маҳалла, на профилактика инспектори ва на хотин-қизлар қўмитаси чора кўрган. Бу икки аёлнинг ичкиликка ружу қўйганлигини айтишяпти. Шундай бўлса, нега ҳудудга масъул оилавий поликлиника масъуллари ёки маҳалла шу пайтгача уларни рўйхатга олиш, соғломлаштириш чораларини кўрмаган? Ахир оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш бўйича давлат миқёсида шунча эътибор кўрсатиляпти-ку. Нега, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, маҳалладаги мутахассис бу хонадонга кириб, бу ердаги ҳолат ҳақида бонг урмади? Нима учун, вазиятни ўнглаш чоралари кўрилмади? Мана, бепарволик, масъулиятсизликнинг оқибати. Албатта, жиноятга қўл урган шахсга нисбатан тегишли жазо қўлланилади. Аммо ана шу жиноятнинг юзага келишига сабаб бўлган шахсларнинг фаолиятига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади. Шуни унутмайликки, жамиятда, маҳалламизда рўй берган ҳар бир жиноят барчамизнинг эътиборсизлигимиз, бепарволигимиз оқибатидир. Ҳаммамиз ўз ҳудудимиз тинч-осойишта бўлишини, хотиржам ҳаёт кечиришни истар эканмиз, бунга аввало, ўзимиз масъул бўлишимиз, атрофдаги воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаслигимиз керак.

Йиғилишда маҳалла раиси Ҳ.Ғаниев ўз вазифасига нолойиқ деб топилди, участка нозири фаолияти бўйича ички хизмат текшируви бошлангани маълум қилинди.