Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

340 дан ортиқ корхона товар айланмасини яширган

Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан 341 та тадбиркорлик субъектига 2,6 миллиард сўмлик электр-энергияси етказиб берилган бўлса-да, ушбу корхоналар ҳудудий ДСИларга товар айланмаларини “0” кўрсатганлиги аниқланган.

Бу ҳақда вилоят молия бошқармаси бошлиғи Б.Мирзаев кеча ўтган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўн бешинчи сессиясида депутатларга маълум қилди.

Вилоят бўйича 215 тадбиркорлик субъектида 5,3 миллиард сўмлик электр энергияси етказилган, товар айланмаси 8,6 миллиард сўмни ташкил этган. Бироқ Оқдарё туманида (8 та), Паст Дарғом туманида (15 та) ва Нарпай туманида (6 та) корхонада истеъмол қилинган электр энергиясидан товар айланмасини камайтириб кўрсатган.

Бундан ташқари, Ургут туманидаги 63 та субъектга 2,3 миллиард сўмлик электр энергия етказиб берилган. Бу корхоналар томонидан ҳудудий ДСИларга топширилган ҳисоботларда товар айланма ҳажми 3,9 миллиард сўмни ташкил этган. Шундан 19 та корхонанинг истеъмол қилинган электр энергияси 719 миллион сўм, товар айланмаси эса 327 миллион сўм қилиб ДСИ ҳисоботида камайтириб кўрсатилган.

Мисол учун, "ULUG`BEK" масъулияти чекланган жамияти истеъмол қилинган электр энергия 58,7 миллион сўм товар айланмаси эса 2,4 миллион сўм, "GAVXAR" хусусий корхонаси истеъмол қилинган электр энергия 8,9 миллион сўм товар айланмаси эса 1 миллион сўм, "JAMOLIDDIN ABUBAKR" хусусий корхонаси истеъмол қилинган электр энергия 43,9 миллион сўм, товар айланмаси эса 8 миллион сўм, "TOSHARIQ G'ISHTLARI" корхонаси истеъмол қилинган электр энергия 34,1 миллион сўм, товар айланмаси эса 35 миллион сўм эканлиги маълум бўлди.

Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш бўйича ҳудудларда ишчи гуруҳлар тузиб, юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган мулкларни хатловдан ўтказиш ва ДСИ базасига солиқ тўловчи сифатида қамраб олиш, солиқ органлари томонидан қўшимча даромад манбаларини аниқлаш ва уларни қамраб олиш бўйича ҳар бир кўрсаткичларни тўғри ва сифатли таҳлил қилиш ишларини янада жадаллаштириш таклифлари билдирилди.